bannerbannerbanner
Архитектура назарияси. Ўқув қўлланма. Биринчи қисм

Ибадулла Самандарович Байджанов
Архитектура назарияси. Ўқув қўлланма. Биринчи қисм

– Буржи обий -сувли (ёмғирли) баҳор фасли;

– Буржи норий -нурли (самовий оташли) ёз фасли;

– Буржи бодий -боди ҳаволи, мезон шамолли, куз фасли;

– Буржи хокий -ўсимлик ва жониворларни чиритиб тупроқка айлантирувчи қиш фасли [19.– 32 б].

Фалак чархи (бахт ва ҳаёт рамзи) ана шу тўрт фаслга нисбатлаштирилгандир. Йилнинг тўрт фасли давомида қуёш, ой ва юлдузлар ҳаракатини жуда қадим замонлардаёқ билган аждодларимиз Ўрта Осиёда «шамсий -қуёш тақвимига»(календарига) асос солганлар. Аждодларимиз ернинг тўрт томони -Жануб, Шимол, Шарқ, Ғарб борлигини қадимдан яхши билишган.

Қадимги зардуштийлар эътиқодида ҳам табиатнинг тўрт унсури – куёш (олов),сув, ер ва ҳаво энг муқаддас ҳисобланган. Беруний ва Ибн Сино каби олимларимизнинг билимларини бойитган шарқ фалсафаси ҳам маълум маънода шу «Чор унсур «ҳисобланган. Жумладан, қадимий табобат оламида тўрт фаслнинг инсон саломатлигига тўрт хил таъсир қилиши ҳақида айтиб ўтилган. Масалан, баҳорни қон босими касалликлари даври, яъни «хун «даври,

Чор унсур ва шакллар гармонияси


ёзни саратон билан боғлиқ касалликлар, яъни «сафро» ғалаёни фасли дейилса, кузни меъзон шамоли эсиб турадиган рухий касалликлар фасли, яъни «савдо"даври деб ҳисобланган.

Соғлом одам ҳақида эса «Тўрт мучаси соғ», деб аташган. «Соғ танада соғлом ақл» дейишган Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда «Соғлом авлод учун» шиорининг қуйилиши бежиз эмас. Арастунинг инсон мижозини тўртга (халерик, сангвиник, мелонхолик ва флегматик) бўлиши ҳам Чор унсур фалсафасига асосланган бўлса ажаб эмас.

Иссиқ ва совуқ мижоздан: иссиқ ҳўл, иссиқ-қуруқ, совуқ-ҳўл, совуқ-қуруқли мижозлар келиб чиққан. Булар табиий иқлим шароитларига ҳам боғлиқ бўлган. Табиий-иқлим шароитлари эса яна ўша чор унсурга бориб тақалади, чунки бу унсурларнинг ўзаро мувозанати турли ўлкаларда турличадир.

Демак, Чор унсур элементларига хос бўлган уйғунлик бутун олам ва коинот уйғунлигини, бу эса ўз навбатида инсонларнинг турмуш тарзи, ҳаёт ва урф-одатларигача бўлган жиҳатларини, ҳатто йилнинг тўрт фасли ва улардан келиб чиқувчи инсоний мижозларнинг, жойлардаги табиий-иқлим шароитларининг шаклланишига таъсир кўрсатган ва шу маънода жамиятнинг турмуши ва ижтимоий эҳтиёжлари асоси бўлмиш меъморий иморатларнинг қурилишини ўзида акс эттирган (2,3,4- расмлар).

Шундай қилиб, Чор унсур таълимотининг жамиятдаги мавқеи, ўрни ва роли ўта кенг тушуниш даркор. Унинг хатто жамият мафкурасини, эстетика ва этикасини шакллантиришда ҳам ўзига хос ўрни бор [23. -42 б].

Маълумки, масжид, мадраса ва бошқа иморатлардаги бадиий воситалар ҳам биринчи ўринда жамият мафкурасини акс эттирган. Бу анъаналардан биз миллий истиқлол мафкурасини шакллантиришда, Президентимиз айтганларидек «қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат билан жавоб беришда» фойдаланмоғимиз даркор [3.-7 б].


4-расм. «Чор унсур» таълимотига асосланиб квадрат катаклар ичига чизилган гирих ва ислимий нақшлар тасвири.


Антик Юнонистон маданияти

Антик давр маданияти – жаҳон цивилизациясининг бешиги бўлиб, у даврда философия, маданият фан сифатида шаклланди. Ўша давр юнонларнинг турмуш тарзи, фикрлаши, маънавияти ҳозиргача ҳам инсонларни ҳаяжонга солиб келмоқда.

Антик Европа маданиятининг шаклланишига Месопотамия ва Миср маданиятининг, айниқса арифметика, астрономия, мифология ва теология соҳаларида эришилган дастлабки муҳим ютуқларнинг аҳамияти катта бўлди.

Қадимги Юнон маданияти эр. авв. ХХVIII асрдан эр. авв. II асргача давом этди. Юнонлар ўзларининг ватанини Эллада деб атаганлар. Қадимги Юнон маданиятининг энг юқори даражага кўтарилган даври эр. авв. V—IV асрларга тўғри келади. Қадимги Юнон маданияти жаҳон маданияти тарихида фавқулодда ҳодиса сифатида ўзини намоён этди.

Эллада ҳозирги замон давлатларининг бошқарув шакли – республика ва демократиянинг ватанига айланди. Унинг намунавий шакли Перикл (443- 429 йй) ҳисобланади. Юнонистонда жисмоний ва ақлий меҳнат иккига ажралади. Жисмоний меҳнат бу қулларга, ақлий меҳнат қилиш эса озод кишиларга тааллуқли эди.

Юнонлар давлат ва шахсий мулк, жамоа ва шахсий манфаатларни ўзаро жуда моҳирона боғлай олганлар. Аристократия одоби – мусобақа тамойиллари асосида биринчилардан бўлишга интилиш қадрияти кенг қулоч ёйди. Бундай ўйинлар саҳнаси: Олимпия ўйинлари,1 мунозара, жанг майдони, театр саҳналари эди.

Юнонлар учун эркинлик энг юқори қадрият ҳисобланиб, унинг учун ҳатто ўлимга ҳам тик борганлар. Леонид жасорати ёки Прометей ҳақида афсона бунга мисолдир.

Юнонларнинг турмуш тарзи ҳақиқат, гўзаллик, меҳрибонлик каби категориялар уйғунлиги билан белгиланган. Улар учун меъёр тушунчаси муҳим аҳамиятга эга эди. Шунинг учун юнонларда мулк эркин киши учун ажралмас атрибут бўлса, иккинчи томондан очкўзлик, молпарастликни қоралаганлар.

Инсонни тарбиялаш учун икки йўналиш бўйича таълим тизими вужудга келтирилган: а) «гимнастика»; ва б) ақлий йўналишдаги барча маданият турлари, чунончи, табиий фанлар, фалсафа, нотиқликни ўрганиш. Озод юнонларнинг болалари 7 ёшдан бошлаб бошланғич мактабга борганлар. Бадавлат кишиларнинг болалари эса 18 ёшгача гимназияларда ўқишни давом эттирганлар.

Болалар мактабларда чиройли ёзишга, аниқ ва равон сўзлашга ўргатилган. Улар Гомер, Гесиод ва бошқа шоирларнинг шеърларини ва достонларини ёд олганлар. Юнонлар ашула айтиш, рақсга тушиш, лира созини чалишни билмайдиганларни ўқимишли деб ҳисобламаганлар.

Болалар улғая борган сари югуриш, курашга тушиш, сакраш, диск, найза отиш ва қилич чопиш билан шуғулланганлар. Шу тариқа, улар ватан ҳимоячилари сифатида тайёрланган.

Айниқса, бу соҳада Спарта мактаби ажралиб турган ҳар қандай эркин юнон полис (шаҳар) давлатини энг олий эҳсон деб қабул қилган ва унинг ватанпарвари бўлган. Биринчи юнон файласуфи Фалес бўлиб, у сувни оламдаги барча моддий борлиқнинг асоси деб ҳисоблаган. Юнон фалсафасининг энг юксак намояндалари сифатида Суқрот, Платон ва Аристотель ҳисобланганлар.

Юнонистонда оламни фалсафий мушоҳада қилиш—мантиқ ва тасдиқлашга таянган илмий ва рационал фикрлаш методи орқали билиш мумкинлигига асос солинган. Пифагор, Евклид ва Архимедлар математика ва математик фанлар – геометрия, оптика, гидростатика фанларининг асосчилари ҳисобланади. Астрономия соҳасида Аристарх биринчи бўлиб геоцентризм ғоясини илгари сурди. Гиппократ – медицина фанига асос солди.

Геродот тарих фанининг отаси ҳисобланади. Аристотель асарлари маданият назарияси бўйича биринчи фундаментал илмий ишлар қаторидан ўрин олган эди. Деярли ҳозирги замон маданиятининг жанрлари қадимги Юнонистонда пайдо бўлди. Баъзилари ўша даврнинг ўзида жуда юқори даражага кўтарилди.

Фидий бошчилигида бадиий тасвирий санъат асарлари, Зевснинг катта ҳайкали бунга мисол бўла олади. Юнонлар биргина яратувчилик билан шуғулланиб қолмай, шу билан бирга гўзаллик қонунлари билан яшашни ҳам ҳоҳлар эдилар. Шунингдек, юнонларда ибтидоий дин шакллари – тотемизм, анимизм ва фетишизм тасаввурлари кучли бўлган.

Ибтидоий жамоа тузумидан синфий жамиятга ўтиш давомида юнонларнинг диний тасаввурлари ҳам ўзгариб борган. Уларда ҳар бир йирик ҳодиса, касби-корнинг ўз худолари – хомийлари бўлган.

Зевс – юнонларнинг энг муқаддас бош худоси ҳисобланган. У осмон, момақалдироқ, чақмоқ ва ёмғир худоси бўлган. Уни одамлар жингалак сочли, бақувват, серсоқол, қудратли, қўлида чақмоқ ушлаган, басавлат киши сифатида тасаввур қилганлар.

Зевснинг укаси Пасейдонни «ерни тебратувчи» даҳшатли денгиз худоларидан бири деб билганлар. Гелиос қуёш худоси бўлиб, оппоқ отлар қўшилган олтин аравасида осмонга чиққанда кундуз бошланади деб фикр юритганлар.

Апполон эса ёруғлик ва санъат худоси саналган. Деметрий ҳам илоҳий тимсол сифатида ўсимликларнинг униб чиқиши, ўсиши, сарғайиши гўёки унга боғлиқ бўлган. Ер ости ҳукмдори – ҳомийси Аид бўлган. Дионис виночилик, Афродита аввал ҳосилдорлик, кейинчалик севги ва гўзаллик ҳамда денгиз сайёҳлари ҳомийси бўлган.

Зевснинг қизи Афина, юнон афсоналарига кўра уруш, ғалаба, санъат, билим ва донолик маъбудаси бўлган. У Афина шаҳрининг ҳомийси бўлиб, ҳайкалтарош Фидий томонидан шаҳардаги Парфенон ибодатхонаси олдида унинг ажойиб ҳайкали ишланган. Юнон худоларидан бири, Зевс ва Геранинг ўғли Гефест темирчилик ҳомийси ҳисобланган, Вулқон лаваларининг отилиши ҳам унинг ер остидаги темирчилик устахонасининг маҳсули деб ҳисоблашган. Гермес савдо-сотиқ худоси сифатида эътироф этилган.

Юнонларнинг фикрича, уларнинг Зевс бошлиқ худолари баланд Олимп тоғларида яшаганлар ва бадавлат кишилардай ҳаёт кечирганлар. Улар ҳам одамлар каби шуҳратпараст, ҳокимиятпараст, шафқатсиз ва қасоскор бўлганлар. Юнон худоларининг одамлардан фарқлари шундаки, биринчидан улар умрбоқий, иккинчидан, улар Гефестдан ташқари 2 гўзал ва қадди қомати келишган бўлишган.

Юнон худолари ҳам севишган, хурсанд ёки ғамгин, ғазабли ҳолатларда намоён бўлганлар. Ердаги аёллар билан худолар қовушувидан қаҳрамонлар дунёга келганлар.

Юнонлар ўз худоларига ишонишган, сиғинишган, уларга атаб ибодатхоналар қуришган ва қурбонликлар қилишган. Лекин юнонларда худоларга кўр-кўрона сажда қилиш, мутаассиблик даражасида бўлмаган.

Масалан, Прометей худолар иродасига қарши одамларга осмондан оловни ўғирлаб олиб тушиб берган (Прометей афсонасидан).

Юнон мифологиясида биргина худоларни эмас, ердаги инсонларни ҳам улуғлаганлар. Бунга Софоклнинг «Дунёда буюклар кўп. Лекин, инсондан бошқа табиатда кучлиси йўқ», ёки Архимеднинг «Менга таянч нуқтасини топиб беринглар, мен дунёни остин-устун қилиб ташлайман» деган ибораларини мисол тариқасида келтириш мумкин.

Қадимги Юнон маданияти бешта даврга бўлинади:

Эгей маданияти (эр. авв. 2800—1100 йиллар);

Гомер даври (эр. авв. ХI—IХ асрлар);

 

Архаик маданият даври (эр. авв. VIII—VI асрлар);

Классик (юқори даражадаги) даври (эр. авв. V—IV асрлар);

Эллинизм даври (эр. авв. 323—146 йиллар).

Эгей маданиятини кўпинча Крит-Микен маданияти деб ҳам аташади. Бунинг сабаби Крит ороли ва Микен Юнон маданиятининг асосий марказлари саналган. Шунингдек бу даврни афсонавий подшо Миноснинг номи билан Миной маданияти деб ҳам аташади.

Эрамиздан аввалги уч мингинчи йилларнинг охири, икки мингинчи йилларнинг бошларида Крит оролида Кносс, Феста, Мали ва Като-Закро шаҳар давлатлари вужудга келди. Шаҳарларнинг тутган ўрнини ҳисобга олиниб, баъзида уларни «Сарой маданияти» деб ҳам аташади. Бу даврда асосий машғулот қишлоқ хўжалиги бўлиб, бунда дон, узум, зайтун етиштирилган. Хўжаликда чорвачилик, хунармандчилик ва савдо ҳам муҳим ўрин тутган.

Крит маданиятига тааллуқли Кнос саройи «Лабиринт» номи билан тарихга кирган бўлиб, унинг биринчи қаватигина сақланиб қолган. У кўп қаватли иншоот бўлиб, 300 хонадан иборат, бир гектардан кўпроқ ерни эгаллаган. Саройда сув ўтказувчи мослама (водопровод), канализация ва ванналар, ҳунармандчилик устахоналари бўлган. Саройнинг маҳфий хонасидан аёл худонинг қўлида илонни ушлаб турган ҳайкалчаси топилган. Саройнинг деворларида ҳозиргача «Гуллар терувчи», «Қушни тутишга шайланаётган мушук», «Хўкиз билан ўйин» каби расм манзаралари сақланиб қолган.

Крит ўзининг чизиқли ҳарфларидан иборат ўз ёзувига эга бўлган. Лекин бу ёзувни ҳанузгача ҳеч бир олим ўқиб чиқишга эга бўлмаган.

XI—IX асрларнинг Гомер асри деб аталиши сабаби шуки, бу даврни ёритиб берувчи асосий манба Гомернинг «Одиссея», «Иллиада» достонлари бўлган. Бу даврда давлатчилик, шаҳар – сарой турмуш маданияти ва ёзув йўқ бўлиб боради, меҳнат қуролларини темирдан ясашга ўтилиши натижасида меҳнат унумдорлиги анча ўсади, деҳқончилик ва чорвачилик ривож топади. Савдо-сотиқда эса айирбошлаш воситаси қорамоллар ҳисобланган.

Архаик даврга хос хусусияти шундаки, Юнонистонда уч аср давомида қишлоқдан шаҳарга, уруғ-қабилачилик, патриархат муносабатларидан классик қулчилик босқичига ўтиш учун замин етилади.

Шаҳар – давлат ижтимоий ҳаётининг асосий шакли бўлиб қолади. Давлат тузумининг шакллари – монархия, олигархия, аристократик ва демократик республика бўлган. Юнонлар финикияликларнинг ёзуви асосида 24 ҳарфдан иборат ўз алифболарини яратганлар. Бу алифбода ҳам ундош, ҳам унли товушларни ифодаловчи 24 харф бўлган.

Юнонистонда таълим тизимининг ютуғи туфайли полиснинг эркин кишилари орасида саводсизлар йўқ эди. Жамият қадриятлари ва аҳлоқий нормалар шакллана боради. Бунда ватанпарварлик ва фуқаролик муҳим ўрин тутган. Ўз шаҳрини ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг шарафли бурчи ҳисобланган. Худди шу даврда инсон танаси билан руҳ ўртасида уйғунликни ифодаловчи идеал инсон тўғрисидаги ғоя шаклланади.

Фалсафа ва бошқа фанлар вужудга келади. Фалсафа фанига Фалес, Пифагор эса математикага асос солади. Аввал ёғочдан, кейинчалик тошдан фойдаланиб ясаладиган монументал ҳайкалтарошликка асос солинади. Шулардан кўпроқ тарқалгани: 1) яланғоч ҳолдаги эркакларнинг ҳайкаллари – «курос»; 2) тикка турган аёллар ҳайкаллари – «кора».

Поэзия соҳасида Гомернинг «Иллиада» ва «Одиссея» достонлари яратилади. Кейинроқ шоир Гесиод томонидан «Теогония» ва «Аёллар каталоги» поэмаларида антик мифология ўзининг классик даражасига кўтарилади. Антик шоирлар орасида Архилох (лирик поэзия асосчиси), ҳамда шоира С.О.Лесбос ижодлари алоҳида ўрин тутади. Гўзаллик, севги, ҳузур-ҳаловатни куйлаган Анакреонта ижоди А.С.Пушкин ижодига ҳам катта таъсир кўрсатган.

«Греция мўъжизаси» номи билан тарихга кирган классик даврда (эр. авв. V—IVасрлар) қадимги юнон цивилизацияси ва маданияти яшнаб энг юқори чўққига чиқди. Бу даврда юнонлар эронликлар устидан ғалабага эришгач, иқтисодиёт, савдо кенг ривожланади. Афина Ўрта Ер денгизида энг катта савдо марказига айланади. Афина, Миср, Карфаген, Крит, Сурия, Финикияликлар билан савдо алоқаларини олиб боради.

Юнон фалсафаси юқори даражага кўтарилади. Шу даврда антик давр ақллилик даҳолари Суқрот, Платон, Аристотель каби буюк файласуфлар яшаб ижод қилганлар. Суқрот биринчи бўлиб инсон ҳаёти, яхшилик, ёмонлик, адолат каби муаммоларни мушоҳада қилишга асосий ўрин берди.

Суқротнинг шогирди Платон (эр. авв. 429—347 йй) Афина аристократиясининг вакили эди. У эр. авв. 385 йили Академия номи билан файласуфлар мактабини ташкил қилган. Платон ўзининг идеал давлат тўғрисидаги ғояларини мунозара шаклида ёзган. Унингча идеал шаҳар давлатни оиласи, хусусий мулки бўлмаган файласуфлар бошқариши зарур эди.

Идеал шаҳарнинг аҳолиси жангчилар ва оддий халқ (ҳунармандлар ва деҳқонлар) га бўлинар эди. Келиб чиқиши чет эллик бўлган қуллар ҳам бор эди. Платон тизимини Аристотель (эр. авв. 384—322 йй.) танқид остига олган эди. Унинг «Сиёсат» номли машҳур асарида ўша даврда маълум бўлган билимларни алоҳида соҳаларга – ботаника, физика, сиёсат, тарих каби номларга биринчи бор бўлинган эди.

У «Метафизика» асарида фалсафа фанининг метафизик йўналишига асос солган. У Македония подшоси Александр Македонскийнинг устози бўлиб, «Биринчи муаллим» номи билан машҳур бўлган.

Худди шу даврларда «Тарих фанининг отаси» Геродот (эр. авв. 490—430 йй), атом назариясининг асосчиси Демокрит (эр. авв. 460- 370 йй), машҳур табиб, 72 та китоб муаллифи Гиппократ (эр. авв. 460—375 йй) каби машҳур олимлар яшаб ижод қилганлар.

Архитектура ва шаҳар қурилиши бўйича Милетлик Гипподам томонидан шаҳарларнинг режалаштириш концепцияси ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра шаҳар жамоа маркази, яшаш учун уй-жой ҳамда ишлаб чиқариш ва порт зоналаридан иборат бўлиши керак эди. Монументал қурилишнинг асосий тури ибодатхоналар бўлган.

Архитекторлар – Гектин ва Каликратлар томонидан қурилган Афина Акрополи жаҳон архитектурасининг ноёб намуналаридан бири ҳисобланиб, унда 46 та устун ва ҳайкаллар мавжуд бўлган.

Таниқли архитектура иншоотлари ичида дунёнинг етти мўъжизасидан бири Эфесдаги Артемида ибодатхонаси бўлиб, унга ёвузлик тимсоли бўлмиш Герострат томонидан ўт қўйилган эди. Қайта тикланган ибодатхона қурилишида ҳайкалтарошлар Праксител ва Скопаслар томонидан ишланган 127 та устун ажойиб ҳайкаллар ва расмлар акс эттирилган эди.

Классик даврда юнон ҳайкалтарошлик санъати «Эллада» етакчи ўринни эгаллаган эди. Ҳайкалтарошлар ичида энг таниқлиси Фидий бўлиб, унинг Олимпияда яратган Зевс ҳайкали (бўйи 14 метр) оламнинг етти мўъжизасидан бири ҳисобланган.

Унинг Афина ҳайкали (бўйи 12 метр) Афина Акрополининг марказига қўйилган. Промахос (Афина жангчиси) ҳайкали (бўйи 9 метр) жангчи кийимини кийган, найза ушлаб турган аёл худо қиёфасида тасвирланган бўлиб, у Афинанинг ҳарбий қудратини ифодалаган. Фидий Афина Акрополи қурилишида ҳам иштирок этган.

Пифагор Регийский «Оёғидан тиконни чиқараётган бола», Мирон «Дискабол» ва «Афина ва Марсий», Поликлет «Дорифора» ва «Яраланган Амазонка» каби ҳайкалларни яратганлар. Поликлет инсон танасининг мутаносиблиги ҳақида «Қанон» асарини ёзган.

Пракситель, Скопас, Лиссил қуйи классика давр намояндаларидир. Пракситель юнон ҳайкалтарошлигида биринчи бўлиб яланғоч аёл образи – «Афродита Книдская» ҳайкалини яратган. Пракситель ижоди учун дид, нозик гўзаллик хос бўлиб, улар «Мусаллас қуяётган сатир», «Эрот» ҳайкалларида айниқса ёрқин намоён бўлган.

Скопас Пракситель билан биргаликда Эфесдаги ибодатхона ва Галикарнасдаги Артемида мақбарасини бунёд этишда иштирок этганлар. Сарой рассоми Лиссип Александр Македонскийнинг ҳайкалини яратган. У инсоннинг ички дунёси, кечинмаларини ўз асарлари орқали намоён қилган. Бунга «Ором олаётган Гермес», «Шиппагини боғлаётган Гермес», «Эрот» асарлари мисол бўла олади.

Поэзия соҳасида Афина демократиясини қабул қила олмай, аристократия табақасини ўз асарларида улуғлаб куйлаган шоир Пиндар Олимпия ўйинлари ғолибларига атаб қасидалар, қўшиқлар ёзган. Қадимги Юнон маданиятидаги театр соҳасида трагедия, комедия жанрларининг пайдо бўлиши ва равнақи муҳим воқеа ҳисобланади.

Юнон театри қишлоқ хўжалиги ҳомийси бўлган Дионис шарафига ўтказиладиган байрамлар вақтида ижро этиладиган халқ қўшиқлари ва ўйинлари асосида вужудга келган. Дионис байрамлари токлар, дарахтлар барг чиқарган баҳорда ва кузда ўтказилган. «Трагедиялар отаси» Эсхил (525—458 йй) 90 дан ортиқ трагедия ёзган.

Эсхил ўз трагедияларида афсонавий воқеалардан фойдаланган бўлсада, уларда ўз даврининг муҳим масалалари кенг ўрин тутган. Масалан, ҳалок бўлиб бораётган матриархат билан патриархат ўртасидаги зиддиятлар масаласига бағишланган «Орестея» трилогияси: «Агамемнон», «Хоэфорлар» ва «Авменида» асарларидан иборат. Унинг энг машҳур трагедиялари бўлса «Занжирбанд Прометей» ва «Форслар"дир. «Занжирбанд Прометей» асари инсоннинг куч-қудрати, иродаси буюклиги тимсолидир.

Жумладан, Зевс томонидан юборилган Гермесга Прометей қандай азоб-уқубатлар билан жазо берилишини эшитгач, шундай дейди:

Ва на қатл, ва на макр қилмас асло кор,

Айтмасман Зевсга ҳеч қандай сир-асрор,

Чақмоқ чақиб, майли ўтда куйдирсин.

Осмону фалакни оппоқ қуюндек,

ҳаммасини батамом-буткул қуритсин:

Аммо иродамни буколмас асло,

Жаҳаннам ўтини қилса ҳам пайдо.

Ким унинг ҳокимлигини этишин бекор,

Хомтама бўлмасин, айтмасман зинҳор.

Эсхилнинг «Форслар» трагедиясида Юнонистон – Эрон урушларида юнонларнинг қаҳрамонона кураши ва ғалабаси акс этган. Яна бир буюк трагедия шоирларидан бири Софокл (496—406йй) бўлиб, у 120 дан ортиқ трагедиялар ёзган. Улардан бизгача еттитаси етиб келган, холос. Афина театрида дастлаб қўйилган «Антигона», «Шоҳ Эдип» асарлари унга шон-шуҳрат келтирган.

Трагедия жанри билан биргаликда комедия7 жанри ҳам вужудга келиб, ривожланади. Комедия жанрининг отаси Аристофан (450—388 йй) бўлиб, унинг асарлари содда, тушунарли, халқ тилида ёзилган ва ҳаётнинг муҳим масалалари, жумладан, тинчлик муаммоси акс эттирилган. Жумладан, унинг «Тинчлик», «Аёллар халқ йиғинида», «Суворийлар» асарлари ўз даврида машҳур бўлган.

Қадимги Юнон маданиятининг сўнгги даври бу Эллинизм (323—146йй.) дир. Бу даврда маданиятнинг баъзи соҳаларида, жумладан, фалсафада эришилган ютуқлар даражасидан пасайиш ҳолатлари юз беради. Бу даврда юнон маданиятининг бошқа мамлакатларга, жумладан, Ўрта Осиёга таъсири кучаяди. ҳатто бу жараён Юнонистоннинг Римга қарам бўлганидан кейин ҳам давом этади. Рим Юнонистонни сиёсий жиҳатдан тобе этади.

Фан соҳасида бу даврда етакчи ўринни математика эгаллайди. Унинг асосчилари Евклид ва Архимед каби олимларнинг ижоди туфайли математикадан механика, оптика, қурилиш соҳаларида фойдаланиладиган бўлинди. Астрономия, медицина ва география соҳаларида муҳим ютуқлар қўлга киритилди.

Бу даврда архитектура соҳасида кўплаб ҳашаматли саройлар, кутубхоналар, гимназиялар, уй-жойлар қурилди. Жумладан, Александрияда 799 минг ўрамли китоблар турадиган кутубхона қурилган. Архитектор Состратнинг лойиҳаси асосида дунёнинг етти мўъжизасидан бири, 120 метр баландликдаги Александр маёғи барпо этилган.

Ҳайкалтарошлик соҳасида Эллинизм даврида баъзида йирик шакллардаги ҳайкаллар ҳам яратилган. Хусусан, Херос томонидан яратилган қуёш худоси Гелиос ҳайкали, ёхуд дунёнинг етти мўъжизасидан бири 36 метр баландликда бўлган Родос оролидаги Колосс Родосский ҳайкали бунга мисолдир (мазкур ҳайкал ер силкинишлари натижасида қулаб тушган). Ўша даврда яратилган Афродита (Венера), Милосская ва Ника Самосская ҳайкаллари ҳозиргача дунё маданиятининг ноёб дурдоналари ҳисобланади.

Қадимги Юнонистон маданияти жаҳон маданиятига катта таъсирини ўтказди ва ҳозиргача ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Юнон маданиятисиз ҳозирги Европа маданиятини тасаввур қилиб бўлмайди. Шунингдек Шарқ дунёси ҳам Эллинизм маданиятисиз бошқачароқ кўринишга эга бўлган бўларди

Рейтинг@Mail.ru