bannerbannerbanner
Қўқон хонлари

Хамидулла Абдуллаев
Қўқон хонлари

Полная версия

Мўлжал тўғри чиқди. Беш минг кишидан иборат қўшин ҳар сафаргидек дарёнинг саёз жойидан кечиб ўта бошладилар. Қирғоққа чиқиб олган жангчилар қўққисдан ҳужумга учраб ўлим топдилар. Кечувда бўлганларига йўл йўқ эди, иккала қирғоқни ҳам мудофаачиларнинг жангчилари мутлақ эгаллаб олган.

Бухоро Амири юборган жазо қўшини мутлақо мағлуб бўлди. Асир олинганлардан ташқари барча жангчилар ҳалок бўлишди ёки сувга чўкиб бедарак йўқолишди. Бухоро Амирлигини руҳан синдирган бу воқеа Қўқон хонлигининг ўз кучига бўлган ишончини мустаҳкамлади.

Тарғова, Чанкат қишлоқлари атрофида барпо бўлган салтанат ўз марказини «Кўк тўнли Азизлар» мавзесида қурилган янги қалъага кўчириб, ўзларини Қўқон хонлиги деб атай бошладилар. Салтанат ривожлана бошлади. Ўзларини ташқи душмандан муҳофаза қилиш учун бирлашиш лозимлигини тушунган мустақил Андижон, Наманган, Марғилон каби шаҳарлар Қўқон хонлиги таркибига кира бошладилар. Кейинроқ бориб Ўш, Ўзган, Жалолобод шаҳарлари ҳам уларга эргашдилар. Ободончилик ва қурилиш ишлари ҳам тез суръатлар билан олиб борилди.

Хонликни барпо қилиш жиддий тўсиқларга дуч келишига қарамай ўзига хос ана шундай муваффақиятлар бор эди. Ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп, юрт бехатарлигини таъминлайдиган мунтазам қўшин тузиш, ўз пулини зарб қилиш, ҳудудларни кенгайтириш каби муаммолар кўндаланг эди.

Шоҳруҳбийнинг энг хуш кўрган машғулотларидан бири овга чиқиш бўлса, иккинчиси жангчиларнинг машғулотини кузатиш эди. Водийнинг йигитлари алп қомат, жасур ва жисмонан жуда бақувват эдилар. Буни кўра билган хон кучли мунтазам қушин тайёрлашга киришган эди.

– Дада, – деди Шоҳруҳбий отасига. – Жангчиларимизнинг тайёргарлигини бирга кўрсак ўз фикрларингизни айтар эдингиз.

– Йигитларинг от чоптириш, камон отиш, найза улоқтиришда тенги йўқ, буни биламан.

– Уларни кўпроқ машқ қилишлари учун имконият яратганмиз, айниқса улоқ мусобақалари от чоптириш маҳоратини оширади, қиличбозлик мусобақаси учун алоҳида соврин белгилаганмиз.

– Бу ишларингиз таҳсинга сазовор, лекин нималаргадир кучимиз етмаётганга ўхшайди. Менимча қилич ва камоннинг умри тугаб бормоқда.

– Наҳотки шундай?.

– Ҳа, озгина фурсат ўтади-ю, бу қуроллар ўрнини милтиқ ва замбараклар эгаллайди. Баъзи давлатлар буни тушуниб етишган, бизлар ҳам бирор чора топмасак вақти келиб уларга ем бўламиз.

– ¡ша чорани қаердан излаймиз?

– Ҳозирчалик бу саволларга жавобимиз йўқ. Лекин умидсизликка ўрин йўқ, изласак топамиз. Маърифатни ривожлантирсак, кўпгина саволларга жавоб топишимиз аниқ. Афсуски, ноиттифоқмиз, худбинмиз, ўйинқароқмиз, бундай нуқсонларни даволаш кўп жиҳатдан ҳукмронларга боғлиқ. Улар ўз ҳаловатларидан воз кечиб миллат ҳақида қайғуришлари керак.

– Албатта шундай қиламиз.

– Муаммолар беҳисоб бўлган бу оламда қиладиган ишлар жуда кўп.

* * *

Кутилмаганда Шомастбийнинг вафот қилиши Шоҳруҳхон учун оғир жудолик бўлди. Икки хил исм билан аталадиган (Шомастбий ва Ашурбек) хоннинг отаси халқ ичида жуда катта нуфузга эга эди. Табиатан хушчақчақ, жисмонан соғлом бўлган бу инсон чуқур мулоҳазали, ўзини тўғри бошқара оладиган, кишиларни ўзига тобе қила оладиган кучга эга бўлиб, барча қабиладошларининг ишончига кириб, меҳрини қозона олган. Барча ишларда ўғли Шоҳруҳхоннинг маслаҳатдоши бўлиб, хонликни барпо қилишда жуда катта шижоат кўрсата олган. Хонлик эндигина оёққа тура бошлаган чоғда у дунёдан кўз юмди. Ўз илтимосига кўра уни «Чомочбува» қабристонига дафн қилишди. У ўзининг унча узоқ бўлмаган умрини эл-юрт учун сарфлаб, кишилар қалбида яхши хотира қолдирди.

Шоҳруҳхон отасининг насиҳатларига риоя қилган ҳолда салтанатни бошқара бошлади. Отаси каби кишиларнинг меҳрига кириш билан биргаликда яхшигина сиёсат олиб борди. Шарқ томондаги қўшнилари бўлган қирғиз ва қипчоқларни ўз томонига оғдириб, мустаҳкам иттифоқ тузишга муваффақ бўлди. Хонликнинг ҳудудлари йилдан-йилга кенгайиб борар, ихтиёридаги мунтазам қўшиннинг сони ошар эди, хонликнинг бешинчи йилида Қўқон хоннинг ихтиёрида ўттиз минг кишилик жанговор қўшин мавжуд бўлиб, қўшин нафақат сон балки сифат жиҳатидан ҳам намунали эди. Теварак-атрофдаги давлатларнинг эътиборини ўзига торта олган эди. Хонликнинг гўдаклик чоғида жиддийроқ бир чора топа олмаган Бухоро Амири энди қаттиқ хавотирга туша бошлади. Агарда шундай кетиш давом этаверса Қўқон хонлиги чинакам рақибга айланиши муқаррар. Бунинг устига Амирнинг жосуслик тизими номаълум сабабларга кўра кетма-кет мағлубиятга учрамоқда. Бир томондан Хива хонлиги хавф солса иккинчи томондан кенгайиб бораётган Қўқон хонлиги хавф солар эди. Жиддий чоралар кўрилмаса яна кўпгина вилоятларнинг қўлдан кетиш эҳтимоли йўқ эмас.

* * *

Эшик оғаси хоннинг қабулига наманганлик шайх Мулла Бозор Охунд келиб, киришга ижозат сўраётганини хабар қилди.

– Таклиф қилинг, – деди Шоҳруҳхон. – Ул зот учун эшигимиз доим очиқ.

– Ассалому алайкум хон ҳазратлари, – деди шайх таъзим айлаб.

– Даргоҳимизга хуш келибдилар, ҳазрат, – деди Шоҳруҳхон алоҳида илтифот кўрстаиш учун ўрнидан туриб шайхга пешвоз чиқар экан. – Биз томонларга қандай шамол учирди.

– Ўз ихтиёримиз билан келдик, жанобларига бир илтимос қилмоқчи эдик.

– Ўзлари саломатмилар, аҳли Наманган бизлардан хафа эмасми?

– Сизга сиҳатлик тилаб барчамиз дуодамиз, юртимиз тинчлигини яратгандан кеча-ю кундуз сўраш билан бандмиз.

– Саломат бўлсинлар.

– Ҳазрати олийлари, катта кўламда қурилиш қилаётганларидан хабардормиз, хизмат қилувчиларингиз ичида бизнинг анчагина муридларимиз ҳам бор экан.

– Ҳа, албатта. Уларнинг кўпчилиги ҳунарманд усталар.

– Ўша муридларимизни бизнинг ихтиёримизга берсалар деган мақсад билан келганмиз.

– Афсус, бу илтимосларини бажара олмаймиз.

– Бажармасалар бўлмас, – шайх қовоғини солиб, тунд қиёфага кирди.

– Нима учун?

– Биз дини исломнинг равнақи учун хизмат қилишимиз лозим.

– Улар эл-юрт осойишталиги учун меҳнат қилишмоқда, бу дини исломга зидми?

– Шу чоққача менинг илтимосимга бирорта ҳукмрон эътироз қилмаган эди.

– Илтимосингиз юрт манфаати учун зарарли, шунинг учун биз рухсат бермаймиз.

– Аттанг, яхши иш бўлмади, бизнинг ранжиб қолишимиз худога хуш келмас.

– Шайх жаноблари худога нималар хуш келишини билмайдиганга ўхшайдилар, барчамизнинг эзгу мақсадимиз юртга фидоийлик холос, сизнинг ниятингиз артофингизга муридлар тўплаш холос. Энди жавоб айланг, қай биримизнинг ниятимиз эзгуликка яқин.

– Мен ўз фикримдан асло қайтмайман.

– Яхшиям сизнинг бахтингизга мен ўзимни бошқара оламан, акс ҳолда хонларнинг жаҳлини қўзғаш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяр эдим. Энди жўнанг, акс ҳолда ўзингизга жабр қиласиз.

Хондан рад жавобини олган шайх Мулла Охунд жаҳлини боса олмай, Қоровултепа деган қишлоқдаги бир муридининг уйига кириб борди. Деворга Шоҳруҳхон тасвирини чизиб, бир нарсаларни узундан узоқ пичирлаб суратга қарата камондан ўқ уза бошлади. Яна аллақандай бақир-чақирлар қилиб ниҳоят чарчаб ўтириб қолди. Хонадон эгасини чақириб Шоҳруҳхон тез кунларда вафот этишини айтиб, зудлик билан ўз юртига жўнаб кетди.

Бу хабарни хонга етказишганида у жилмайиб қўя қолди:

– Менинг жонимни Азроил Оллоҳнинг амри билан олишини Мулла Охунд билмасмикин?

Бу воқеа одамлар ичида ҳар хил шов-шувлар ва уйдирмалар пайдо бўлишига сабаб бўлди. Авлиёликни даъво қилган Мулла Бозор Охунд хон ҳақида аллақандай бўлмағур гаплар тарқатиб, унга ғойибдан ўлим тиларди. Муридлари билан тил бириктириб оддий кишиларни ишонтиришга эришар эдилар.

Кам гапириб, диққат билан тинглаш Шоҳруҳбийнинг гўзал фазилатларидан бири эди. У бировнинг гапини бўлмас, танбеҳ ҳам бермас ва албатта ўз фикрини жуда равон ва тушунарли қилиб ифодаларди. Ваъзхонлик қилиш ва насиҳат сўзларини айтишдан ўзини тияр эди. У уч ўғил (Абдураҳимбек, Абдулкаримбек, Шодибек) кўрган бўлиб, гоҳо улар билан суҳбатлашар, ҳазил-мутойибалар қилиб эркалар, совға-салом билан сийлаб қувонтирар эди. Бугун ўзининг ҳар қачонги одатини тарк этиб, юрагида тугиб юрган фикрларини айтишга азм қилган эди.

– Ўғилларим, вақти-соати келиб сизлардан бирингиз хон бўласиз, – деди у бироз маъюс қиёфада. – Эҳтимол бирин-кетин уччалангизга ҳам бу олий мансаб насиб қилар. Лекин тахтга ўтириш бирваракай икки кишига насиб қилмайди. Қайси бирингиз хон бўлсангиз, қолганларингиз хоннинг оғалари бўласизлар, бу ҳам катта бахт, қувончли ҳаёт кечириш имкониятидир. Асло бир-бирларингга душманлик қилманглар. Акс ҳолда бегоналар қўлида ҳалок бўласизлар. Юрт ожизланиб қолмаслиги учун тахт соҳиби қудратли шахс бўлиб, даъвогарлардан кўп жиҳатдан устун бўлиши, ўз оғалари билан бўлган зиддиятни ақл билан адолатли ҳал қила олиши керак. Энди ҳукмрон қандай бўлиши лозим, қандай сифатларга эга бўлиши кераклиги ҳақида ўз фикрларимни айтиб қўймоқчиман.

Одамларнинг энг ақллигиман деган фикрга асло борманглар, чунки энг ақлли, энг билимли бўлишнинг иложи ҳам, кераги ҳам йўқ. Лекин инсофли, иймонли, гўзал қалб эгаси бўлишнинг иложи бор. Шундай бўлиш лозим.

Ўзи учун эмас, ўз юрти, миллати учун умрини бағишлаган ҳукмрон енгилмас юртнинг унутилмас сиймосига айланади. Унинг энг гўзал сифати истеъдод эгаларини асрамоқ, гўзал кишиларни рағбатлантирмоқ, ожиз кишиларни ҳимоя қилишдир.

Ҳукмроннинг энг аблаҳи, ўз юртининг бойлигини талайди, фуқароларидан ўч олади, фоҳишабозлик қилади, ҳимоясиз кишиларга азоб беради.

Юртнинг ожизланиши текинхўрликнинг ривожланишидан бошланади. Миллатнинг катта бойликларини ўзлаштириб олиб, улғайиб, кундан-кун қувват олиб бораётган ёвуз кучни тинмай олдини олиб турилмаса, бора-бора енгиб бўлмайдиган офатга айланади. Кейинчалик бориб уларни фақат вақт мағлуб қилади холос. Ўша фурсат етиб келгунича миллат азоб чекади, юрт ожизланиб қолади. Инсон ижтимоий жонзот, ақл соҳиби, унинг иши фақат ўйин-кулги эмас, фаолият кўрсатишдир, қайсики мамлакатнинг кишилари фаолиятли ҳаёт кечирсалар ўша юрт қудратли, бундай мамлакатда тинчлик таъминланган бўлади.

Ҳукмроннинг дарди халқ дардининг бир учқуни, халқ соғлом бўлса у ҳам соғлом, халқ шодон бўлса у ҳам шодон. Ҳамма дўст бўлиб кўринган тахт атрофида ҳар доим кўзга кўринмас душманлар мавжуд бўлади. Шундай иш юритингларки, келажак сизларни уят қилмасин, ўз халқингизга нимани раво кўрсангиз у ҳам ана шуни қайтаради. Хон авлодидан бўлганларингни асло унутмай яшанглар, уларнинг масъулиятлари бошқалардан ортиқдир. Гўзалликни ҳис қилиб, нолимай қувониб яшамоқ хонлар учун одат бўлмоғи лозим. Эл-юрт қайғуси манфаатларингдан устун бўлсин, ахлоқ ва одобда намуна бўлинглар. Мўмин ичкилик ичмайди, ўғирлик ва хиёнат қилмайди, бу қусурларни қилган кимса мўмин эмас. Ўз юртига, ўз миллатига хиёнат қилган ҳукмрон энг малъун кимсадир. Ғурур тараққий қилишимиз учун берилган туҳфа, у ақлдан узоқлашиб кетса ҳалокатга етаклайди. Ўз ғурурини жиловлаш шоҳларнинг энг зарур фазилатлари, оддий кишиларга меҳр билан қараш муқаддас бурчлари. Йўлдан адашманглар, сизларнинг адашишларинг бутун юртни хароб қилади. Номаъқул хоҳишлар тўғри йўлдан оздиради, хунрезликларга сабаб бўлади. Хонлар юрт осойишталиги учун энг масъул кишилар асосий мақсадларинг ана шу осойишталикни таъминлаш бўлсин. Ҳозирча хонликнинг гўдаклик чоғи. Рақиблар бу ҳолатдан фойдаланиб қолмасликлари учун жуда ҳушёрлик даркор!

 

Ҳукмрон халқни қўрқувда ушлаши, вақтинча чалғитиши ҳам мумкин. Дарёдан қудратли бу мўъжиза бардошли ва андишали. У барча нарсани фаҳмласа ҳам кечиради, сабр қилади. Унинг меҳрига кириш осон эмас, лекин шу мақсад билан яшаган ҳукмрон бунинг уддасидан чиқади. Бундай ҳукмрон абадий барҳаёт, у кишилар қалбидан асло ўчмайди.

* * *

– Оғир дардга йўлиққанга ўхшайман, – деди Шоҳруҳхон атрофдагиларга аламли тикилиб. – Бу касофатдан тузалиб кетиш жуда мушкул.

– Иншооллоҳ, тузалиб кетасиз, ҳазрати олийлари, барчамиз парвардигордан шуни тилаймиз.

– Чиндан ҳам шундай бўлса мен сизлардан розиман. Юртимиз осойишталиги учун бирдек қайғурсаларинг, мен хотиржам кўз юмаман.

– Худонинг марҳамати кенг, умрлари узоқ бўлса ажаб эмас.

– Чамамда кафтимга чиққан яра «куйдирги»га ўхшайди, агар чиндан шундай бўлса…

– Табибларнинг фикрича сиз тузалиб кетасиз.

– Ҳар қандай бу дунёга келган одам узоқ туролмайди. Келмоқ қўлимизда бўлмаганидек, кетмоқ ҳам беихтиёрдир. Одам боласи бенуқсон яшай олмайди, билиб-билмай албатта, хатоликка йўл қўяди. Мен ҳам баъзи бир хатоликларга йўл қўйган бўлишим мумкин, лекин мақсадим яхшилик, тилакларим халқ дарди эди. Келажакда барча ишларни кенгашиб қилинглар, кенгашмай қилинган ҳар қандай иш иллатлидир.

Ўрта Осиё заминида XVII аср бошларига келиб ички зиддият жуда кучайган эди. Олий зотлар ўртасидаги келишмовчиликлар авж олар, тортишув ва сиёсий курашлар зўрайиб борар, қирғин-барот урушларнинг кети кўринмас эди.

Сари подшоҳони гирданфароз,

Бадаргоҳи у бир замини ниёз,

Мар урост кибри ёву мани,

Ки мулкаш қадимасту зоташ ғани.

Таржимаси:

Подшоҳлар ҳар қанча мағрур бўлсада,

Бошларини эгур унинг олдида.

Мағрурлик ярашур фақат Оллоҳга,

Мулки қадим беқиёсдир зоти

ТАРИХИ ТУРКИСТОН АСАРИДАН БИР ЛАВҲА

Айнан мана шундай тарқоқ қабилалар тўқнашувларидан бири Чодакда бўлиб ўтди. Минг қабиласи билан Чодак хўжалари ўртасида бўлиб ўтган қақшатқич уруш натижасида минглар қабиласи ғолиб чиқди. Шунинг билан Мовароуннаҳр заминида Бухоро хонлигидан ажралиб чиққан мустақил бир мулкка асос солинди. Даставвал бу мулк Фарғона деб аталиб, унга Шоҳруҳбий минг бошчилик қилди.

Ақл-идрокли, инсонпарвар Шомастбий (Аширбек) ўғли Шоҳруҳбийни Хўқанднинг теварак-атрофларидаги қишлоқ оқсоқоллари ва аслзодалар хон этиб кўтардилар. Шундан сўнг у Хўқанд шаҳри атрофида жойлашган тўрт қишлоқни сотиб олди. Тўрттала қишлоқ ҳудудларидан «Кўк тўнлилар» истиқомат қиладиган икки сой оралиғидаги ерларни энг қулай жой деб арк қалъа қурилиб, «Қалъаи Шоҳруҳбий» деб аталди. Бу ер «Хўқанд хонлигининг дорилхалофати»га (пойтахт) айланди. Вақтлар ўтиб бу дорилхалофат атрофидаги ерлар ҳисобига кенгайиб Фарғона водийсидаги йирик шаҳарлардан бирига айланди. Шоҳруҳбий бу салтанатга ўн уч йил ҳукмронлик қилиб 1721 йилда вафот этди. У узоқ умр кўра олмади, атиги 30 йиллик умри давомида тарихий бир жараённинг пойдеворини яратиб кета олди.

Биринчиларга ҳар доим қийин бўлади, Шоҳруҳбий ҳам биринчилардан эди. Унинг даврида ҳали хонликнинг мустаҳкам пойдевори йўқ, уни бошқарадиган мураккаб дастгоҳни яратиш анчагина заҳматли фурсатлар ўтишини талаб қилар эди. Хонликнинг маркази бўлган Қўқон шаҳрининг атрофини муҳофазалаш, хонликнинг ўз пулларини зарб қилиш, хонлик учун янги қароргоҳ қуриш, мунтазам ҳарбий қўшин тузиш каби жиддий муаммоларни ҳал қилиш лозим эди. Энди бу ишларни унинг ворислари давом эттиради.

АБДУРАҲИМБИЙ (ИККИНЧИ ХОН)

Баъзи манбаларда у 33 ёшида укаси Абдукаримбий томонидан ўлдирилган дейилади.

Шоҳруҳхоннинг вафотидан кейин 1721 (милодий) йилда унинг тўнғич ўғли Абдураҳимбийни хон қилиб кўтарадилар. Абдураҳимбий оқил, ҳушёр ва тадбиркор эди. Унинг хонлик даврида Бухоро амирлиги ҳам ҳарбий, ҳам иқтисодий жиҳатдан заифлашиб қолган эди.

Бу ҳолатни ғанимат ҳисоблаган хон ўзбек ва сартидлардан аввал йигирма минг, кейинроқ ўттиз мингдан иборат лашкар тўплаб жадаллик билан урушга тайёргарлик кўради, қисқа муддат ичида тайёргарликни якунлаб Хўжандга юриш қилади, деярли қаршиликка учрамай Хўжанд вилоятини қўлга киритиади. Вилоятга ўз ноибларини тайинлаб, маҳаллий раҳбарларга совға-саломлар бериб, иззат-икром билан уларга ҳам ҳар хил лавозимларни тақсимлаб беради.

Яна бир йил ўтиб, пухта тайёргарлик кўриб Ўратепа вилоятига юриш қилади, қисқагина жангдан сўнг Ўратепа ҳам Қўқон хонлиги тасарруфига ўтади. Бир қанча муддат ўтиб Қўқонга қайтади. Ҳарбий муваффақиятлардан руҳланган Абдураҳимхон бўлажак катта жангларга тайёргарлик кўра бошлайди, бир қанча муддат ичида лашкар сонини ва жанговар ҳолатини ошириб, Самарқанд томонга юриш бошлайди.

Бир неча кунлик шиддатли жангу жадаллардан сўнг Самарқанд шаҳри ҳам Қўқон хонлигига тобеликни тан олади. Ғолибликни қўлга киритган хон шаҳарнинг уламо ва умароларини тўплаб уларга инъому совғалар бериб бир қанча фурсат ўша ерда қолиб кетади. Ғалабани мустаҳкамлаш ниятида Шаҳрисабз ҳокими Олимбек Ваннавмийга элчи юбориб, унниг қизини ўзига талаб қилади. Олимбек хон илтимосига розилик билдириб элчиларни иззат ва икром билан кузатади. Бир неча кунлик тўй-томошалардан сўнг Абдураҳимбий Олимбекнинг қизига уйланиб ўз юрти Қўқонга қайтиб келади.

Бир томондан Хива хони, иккинчи томондан Қўқон хонлиги тарафидан кучайиб бораётган хавф-хатардан таҳликага тушиб қолган Бухоро амири қисқа муддат ичида жон-жаҳди билан Самарқандга юриш қилиб уни қўлга киритади.

Бу хабардан воқиф бўлган Абдураҳимбий ўз лашкарлари билан Хўжандга боради, Бухоро амири бу томонларга юриш қилишга ботина олмайди. Самарқандни қўлга киритиш билан кифояланиб орқага қайтади.

Абдураҳимхон Хўжандда анчагина фурсат қолиб кетади, чунки Бухоро амирининг Хўжанд вилоятини қайтариб олиш учун юриш қилиш эҳтимоли бор эди.

Хўжандда бир мунча вақт қолиб кетган Қўқон хонининг тўсатдан вафот этиши ҳаммани ажаблантириб қўяди, аслида хон номаълум одамлар томонидан заҳарлаб ўлдирилган эди. Бу воқеа 1146 хижрий, 1733 милодий йилда содир бўлган. Қўқоннинг иккинчи хони Абдураҳимбий * 12 йил хонлик қилиб, дунёдан кўз юмди, таажжубли жойи шундаки, унинг ўлими сирлилигича қолаверда, яна бир ўхшашлик отасидек 12 йил тахт вориси бўлиш насиб қилди.

Муддати салтанати ўн икки йил бўлибдур,

Тарихи вафоти Муҳаммад Раҳимхон.

Чун Раҳимхон ба мулки Фарғона

Соҳиби тахт, тожи афсар шўд.

Баъдаз шоҳи дах ду сол,

Мулки фоний бирав муқаррар шўд.

Рафт аз олам у бадаст таҳи,

Золи Фартут, арус дигар шўд.

Гўр таърихи у хирад ҳам чун,

Дили жонаш қарин мутаҳҳар шўд.

(Абдураҳимбий даврида Хўжанд, Ўратепа, Самарқанд, Шаҳрисабз, Марғилон, Андижон музофотлари бўйсундирилиб Қўқон хонлиги таркибига қўшиб олинди)

ТАРИХИ ШОҲРУҲИЙДАН

У тахтга ўтирибоқ, отаси ният қилиб бошлаб берган, яъни шаҳарни бунёд этиш ташвишларини давом эттиришни энг олий мақсад деб билди ва уни обод ва кўркам пойтахтга айлантириш учун астойдил бел боғлади. Ҳукмдор яна бир масалани улуғ мақсадларидан бири деб билди ва бу мақсадни амалга ошириш учун жиддий киришди. Биринчидан отасидан қолган мулкни янада кенгайтириш бўлса, иккинчидан Фарғонада улкан давлатни юзага келтирмоқ эди. Абдураҳимбийнинг мана шу мақсади минглар шажарасининг келгусидаги ҳукмдорлари учун энг асосий шиор ва дастуриламал бўлиб қолди.

«Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил» деган гапни кўп такрорлар эди. Чиндан ҳам Абдураҳимбий кўпгина воқеа ва муаммоларни кўрмай ва эшитмай англай олиш қобилиятига эга эди. Кўп ҳолатларда индамай қўя қолиб сукут сақлар ёки «шундайми» дея кифояланар эди. Бирор гапни маъқуллаш ёки эътироз билдиришга асло шошилмас, ҳар қандай қувончу қайғуларни хотиржамлик билан қабул қилар эди.

Ўзи хусусидаги гапларни четлаб ўтирди, бу хусусияти билан сохта мақтовлардан ҳоли қоларди. Унинг яна бир безаги сохталик ва хушомадни ёқтирмас, хушомаднинг тагида манфаатдорлик ва худбинлик яширинганини кўп таъкидлар, мақтов ҳумдорни издан чиқаришини биларди.

Давр тўфонлари барча нарсаларни ўз комига тортиб йўқотади ёки ҳалок қилади, лекин эзгулик ҳар доим барҳаёт. Эзгу ишларни қила олсак бизлар ҳам барҳаёт қоламиз. Мансабдор ва мулкдор кишилар ҳар ҳолда фаровон ҳаётга эришганлар, бизларнинг вазифамиз оддий ёки ҳимоясиз кишилар фаровонлиги учун қайғурмоқлик бўлиши керак, дер эди у.

Абдаруҳимхон жуда кўп амалга оширган ишлар қатори мунтазам ва жисмонан чиниққан ҳарбий қўшинлар тузишга киришди ва бу мақсадига қисқа муддат ичида эриша олди.

«Тарихи Шоҳруҳий»дан лавҳа

«Қўқон хони Абдураҳимбий 1733 санада рақобатчилар томонидан уюштирилган суиқасд натижасида ёруғ дунёдан кўз юмди». Баъзи манбаларда укаси Абдукаримбий томонидан ўлдирилган дейилади. У 32 йил умр кўрди.

Энди Қўқон хонлиги Бухоро Амирининг қўлдан кетган ўлжаси эмас, аксинча унга хавф соладиган кучли душманга айланган эди.

АБДУЛКАРИМХОН (УЧИНЧИ ХОН)

Абдураҳимхон вафотидан кейин Шоҳруҳхоннинг иккинчи ўғли Абдулкаримхон Қўқон тахтига ўтиради. Абдулкаримхон кўпроқ ободончилик ва қурилишлар билан шуғулланади. Унинг даврида кўпгина бинолар, работу мадрасалар қурилади.

Шу давргача хонларнинг қароргоҳи «Кўк тўнлик азизлар» мавзесида жойлашган эди. Хонлик даврининг олтинчи йили яъни 1739 йилда эски ўрда ўрнига янги «Ўрдаи рафъи» қурдиради ва атрофини баланд қалъа билан ўратади.

Қалъанинг атрофига бир нечта дарвозалар ўрнатилиб улар қуйидаги номлар билан аталади:

1. Дарвозаи «Қатағон».

2. Дарвозаи «Марғинон» (Марғилон шаҳри шундай деб аталган).

3. Дарвозаи «Тошканд».

4. Дарвозаи «Ҳайдарбек».

Дарвозалар ўша даврда шу номлар билан маълум ва машҳур эди.

«Тарихи Абдулкаримхон»да шундай дейилади:

«Бу тоза зотли шоҳ, бу мулкни обод қилди, эски Ўрда биносини таъмир қилишга у сабабчи бўлди, чиройли кўринишга эга Арки олий бунёд қилди, шаҳар атрофига эса қалъа қурди». Абдулкаримхон ўн саккиз йил хонлик қилди, бу давр Қўқон тарихидаги осойишталик ва тинчлик йиллари эди, дейилади. Аслида шу йилларда Қўқонга қалмоқлар бостириб келади (Ўинҳ-манжур босқини). Анчагина жангу жадаллардан сўнг сулҳ тузилиб, қалмоқлар Абдураҳимбийнинг ўғли Бобобекни гаров сифатида олиб кетадилар. Жунғор қалмоқларининг босқинчилиги ҳақида кейинги сонларда батафсилроқ гаплашамиз.

1164 йил хижрий 1750 милодий йилда хон вафот қилди.

«Тарихи Туркистон» китобида у ҳақда шундай ёзув келтирилган:

Абдулкаримхон ибн Шоҳруҳхон, Худо берган бир (улуғ) Мир эди.

Ўн саккиз йил ҳукумат сўргандан сўнг, Ғайбдан «Иржи» (қайт) нидосини эшитди.

Вафотининг тарихини билмоқчи бўлсанг, Хирад (ақл) «сар бо қазо» деб айтди.

Қўқоннинг учинчи хони Абдулкаримбийни босиб ўтган қисқача йўли шулардан иборат.

Абдукаримбий ҳукмдорлигининг кейинги йилларида, Ўрта Осиёда, айниқса, Фарғонада сезиларли даражада яна жангу жадаллар бошланди. 1740 йилга келиб Бухоро хонлигидаги иқтисодий ва сиёсий тангликлардан фойдаланган Эрон ҳукмдори Нодиршоҳ Балҳни босиб олгач, Бухоро томон қўшин тортди. Худди шу пайтда Самарқанд ва Шаҳрисабз музофотларида Абдукаримбийнинг оғаси томонидан тайин этилган ноиблар бош кўтариб, алоҳидалик иштиёқида ажралиб чиқишга интилдилар.

1745 йиллар атрофида Чин (Ўинҳ) – Манжур давлатининг ҳукмдорлари Шарқий Туркистоннниг шимолий ҳудудларига бир неча бор ҳарбий юришлар уюштирди. Шундай юришлар натижасида қалмоқларнинг Жунғор хонлиги қаттиқ зарбага учраб, тор-мор бўлди. Натижада қалмоқ кўчманчиларининг бир қисми Шимолий Ғарбга йўналиб, қозоқларнинг Кичик ва Ўрта Жуз хонликларини босиб олди, иккинчи қисми Ғарб томон юриб, Фарғона томонга юриш қилди. 1746 йилда Марказий ва Жанубий Тян-Шон ҳудудларида истиқомат қилувчи қирғиз уруғлари ерини босиб олди.

Қуллик асоратига тушиш хавфидан сақланиб қолиш умидида қирғиз уруғлари ёппасига Фарғонанинг чўл ва тоғ этакларига кўчиб ўтишга мажбур бўлдилар. Ўз навбатида бу воқеалар янги зиддиятлар келтириб чиқарган бўлсада, қалмоқларга қарши кураш учун бирлашиш зарурати қирғизлар билан иттифоқ тузишга олиб келди.

 

Фурсатни тўғри англаган Абдукаримбий қалмоқ ойротларига қарши биргаликда курашиш шартномаси тузиб, қирғизларнинг водийдаги чўл ҳудудларида жойлашишларига рухсат берди.

Туйқусдан ҳужум уюштирган Жунғор қалмоқлари ўзларини мустақил ҳисоблаб келган Наманган ва Чуст бекларини бир зарбадаёқ тор-мор этдилар ва Хўқанд сари йўл олдилар. Бундай нохуш воқеадан хабар топган Абдукаримбий уларга қарши Қипчоқ Бачча қўмондонлиги остидаги қўшинни юборди. Лекин қўшин енгилиб қўмондон ўлдирилади, жангчилар пароканда бўлиб ҳар томонга қочиб кетадилар. Қалмоқлар юришда давом этиб, Хўқанд остоналарига яқинлашиб қоладилар.

Жуда хавфли вазият вужудга келган эди, буни тўғри тушунган миллат ва элатлар Қўқон хонлиги атрофида жипслаша бошладилар. Теварак-атрофдан ёрдамга қўшинлар кела бошлади. Айниқса, қирғиз ўғлонлари ва Ўратепа доруғаси Фозилбийнниг лашкарлари ёрдамга шошилди. Абдукаримбий бошчилигидаги Хўқанд остонасида бўлган жангда қалмоқлар қақшатқич зарбага учраб чекинадилар, йўналишларини шимолга буриб, Тошқандни (Тошкент) босиб олдилар. Бундай улкан муваффақият ва вазиятдан тўғри фойдаланган Абдукаримбий Наманган ва Чуст устига қўшин тортиб, ўзбошимча бек ва бекзодаларни жазолайди. Бу ерларни хонлик ерларига бутунлай қўшиб олади. Абдукаримбийнинг тўғри саъй-ҳаракатидан мамлакат яна ўзининг яхлит ҳолига қайтди.

1  2  3  4  5  6  7  8  9  10  11  12  13  14 
Рейтинг@Mail.ru