***
– Ойбарчинга совчилар келишибди, нима дейишни билмадим.
– Қизингни жуда кўҳлик деб эшитган эдим, – деди Аширбек дўсти Юсуфга тикилиб. – Ўзимиздан ортмас эди-ю…
– Мен ҳам шундай фикрда эдим.
– Ким экан у совчилар?
– Чодакдан келишибди.
– Чодак хожалариданми?
– Худди шундай.
– Улар икки гуруҳга бўлинишган, бирлари маҳдуми Аъзам деса, бошқалари Ҳазрат Офоқхўжанинг авлодлариданмиз деб даъво қиладилар. Улар анча йиллардан буён бизнинг юртимизга хўжайинлик қилишдан воз кечмай келмоқдалар.
– Бизнинг ҳудудларимиз Бухоро Амирлигига қарайди-ку?
– Амир ўз ҳукмронлигини шуларга суяниб амалга оширади, улар ўлпон устига ўлпон йиғиб халқни безор қилмоқдалар.
– Бек ака, ўзимиз мустақил бир салтанат тузсак бўлмайдими?
– Айтишга осон, бундай ишларни амалга оширишни бизлар ҳам кўп ўйлаганмиз, ҳозирчалик бу ишларнинг ечими топилган эмас.
– Мен нима қилай ака?
– Сен розилик беравер.
– Сиз шунга розимисиз?
– Ҳа, мен розиман. Қизалоғингни «хожалар» уруғига узатиш ҳар томонлама бизлар учун фойдали. Тўйни ўзимиз ўтказиб берамиз.
– Раҳмат бек ака, менга жавоб.
– Тўйнинг маслаҳати учун алоҳида келасан. Катта базм уюштирамиз, барча сарф-харажатларни ўзим қиламан.
Минглар уруғидаги аҳилликка барчанинг ҳаваси келар, улар худди бир оиладек бирга меҳнат қилиб, бирга қувонишар, бир-бирларига ҳамдард ва меҳрибон эди. Мавсумий ишлар, деҳқончилик муаммоларини, айниқса ариқларни тозалаш, ерларни ўзлаштиришда бир тану бир жон бўлиб меҳнат қилишар, бирор киши иморат қурмоқчи бўлса ҳашар йўли билан бир неча кун ичида битказиб беришарди, шу боис бу уруғнинг теварак-атрофдагиларга нисбатан мавқеи жуда ортиқ бўлиб, тўй ва маросимлари ҳам бамаслаҳат ва тартибли ўтарди.
Шомастбийнинг таклифига биноан теварак-атрофдан нуфузли ва хос одамлар кириб кела бошлашди. Меҳмондорчилик баҳонасида Шомастбий узоқ вақтлардан буён ўйлаб юрган режасини амалга ошириш чораларини маслаҳатлашиб олмоқчи.
– Ҳурматли оқсоқоллар, чодаклик хожалар Юсуфхўжанинг қизига совчи бўлиб келибдилар, – деди Шомастбий уларга маъноли тикилиб. – Биз бажонидил розилик бердик. Анча вақтдан буён мўлжаллаб келаётган ишларимизни амалга ошириш фурсати етганга ўхшайди.
– Сиз нима десангиз биз тайёрмиз, – дейишди оқсоқоллар бир овоздан.
– Келишиб олганимиздек тўйни тантанали ўтказамиз, барча Чодак хожаларини таклиф қиламиз. Улар эртага жавоб олиш учун келадилар.
– Бўладиган ишларни бўлишиб оламиз.
Теварак-атроф оқсоқоллари билан гапни бир жойга қўйгандан сўнг Шомастбий тўй тайёргарликларини кўра бошлади. Тўй қайси куни бошланади, неча кун давом этади, нечта хонадон жалб этилади барчаси режалаб қўйилди. Тўйга барча Чодак хожалари таклиф қилинди. Сарпо ва совға-саломлар тайёрлаб қўйилди. Бу тўй жуда дабдабали бўлмоғи даркор, чунки унинг якуни юрт тақдирини ҳал қилиши мумкин.
Чодак хожалари таклифни жуда мамнуният билан қабул қилдилар, чунки бу қуда-андачилик энг нуфузли «Минг» уруғи билан дўстлик риштасини мустаҳкамлайди, теварак-атрофдаги мавқелари янада ошади. Улар катта совға-саломлар билан кириб боришга тайёрлана бошладилар.
***
– Менга қара Эргашхўжа, бўлажак тўйга жуда пухта тайёрланишимиз лозим. Теварак-атрофда тўйга таклиф қилинмаган бирорта қишлоқ ёки овул қолмасин. Барчанинг меҳрини қозонишимиз шарт ва зарур. Қази-қарталарни мўл қилинглар, қимиз ва қимрон ҳам эсингдан чиқмасин. Қанча қўю-эчки кетса аяманглар.
– Барчасини бажарамиз, асло хижолат бўлманг.
– Ҳа айтгандек, анчагина шароб ҳам ғамлашимиз керак.
– Бироз тушунмайроқ турибман ота, – деди Эргашхўжа ҳайратини яширмай. – Ахир сиз тўйларимизда шароб ичишни таъқиқлаб қўяр эдингиз-ку?
– Бу сафар шароб ичишга рухсат бераман. Сабабини сўраб ўтирма, буни кейинроқ биласан.
– «Хожалар» учун заррин тўн тайёрлайликми?
– Менимча бунга зарурат бўлмаса керак.
– Нега? Улар икки юз киши бўлиб келишар эмиш.
– Йигитларга шундай топшириқ берасан, хожаларнинг бирортаси менинг ижозатимсиз кетиб қолмаслиги керак.
– Барча топшириғингиз бажарилади.
– Сенга рухсат, менга Шоҳруҳбийни чақириб қўйинглар.
***
– Йўлбарс билан бўлган олишувдаги жасурлигингни эшитдим, – деди у ўғлига меҳр билан тикилиб. – Анчагина қалтис ҳаракат қилибсан.
– Бундай жасорат кўрсатишни сиздан ўрганганман.
– Катталардан кўп нарса ўрганиш жуда яхши фазилат, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳаётингни хавф-хатарга қўйиб ҳаракат қилма.
– Келажакда бунга эътибор бераман.
– Бир йиртқични омон сақлайман деб жуда қалтис иш қилибсан. Агар озгина адашиб қолганингда йўлбарс сени авайлаб ўлтирмас эди.
– Йўлбарслар одамларга ноўрин тажовуз қилишмайди деган эдингиз…
– Тўғри, шундай деганман. Сен ҳам уларга ноўрин тажовуз қилма дейман, лекин ҳужумга учрасанг ҳар қандай йўл билан ўзингни ҳимоя қилишга ҳақлисан.
Шоҳруҳ отасининг ўгитларини сўзсиз бажарар, ана шу сифати билан унинг чинакам меҳрини қозонган эди. Шунинг учун бу бироз қизариб отасига тикилганича индамай қулоқ соларди.
– Ўғлим, бугун мени ҳар қачонгидан ҳам диққат билан тинглагин. Бизлар хон авлодидан эканимизни ҳар доим эслаб юрмоғинг лозим. Сени келажакда улкан ишлар кутмоқда, бундай ишларни фақат жасурлик билангина бажариб бўлмайди. Сен бошқалардан кўра уқувли, билимли, бардошли ва сезгир бўлмоғинг лозим. Кишиларнинг кўнглидан нелар ўтаётганини гапирмасларидан аввалроқ билишинг, дўст билан душманни, хушомад билан самимийликни ҳамма ерда фаҳмламоғинг лозим. Эҳтимол сен яқин кунлар ичида ўлкамизнинг ҳукмрони бўларсан. Ҳукмрон бўлиш эса ўта масъулият, ўта нозик ва хавфли вазифа. Ана шулар ҳақида ўйлаб кўрганмисан?
– Бу масалалар хусусида чуқур бир билимга эга эмасман.
– Бухоро Амирлигига тобе эканлигимизни яхши биласан. Амир бизларни гўё ўгай фарзандидек кўради. Юртимизни қўрқувда ушлаб туриш учун мутаассиб руҳонийлар, риёкор хушомадгўйлардан усталик билан фойдаланади. Жаҳолат ва илмсизликнинг авж олиши учун айни муддаодир. Шундай гўзал ўлка, шундай истеъдодли миллат ривожланмаётганининг сабаби шунда. Минг уруғи теварак-атрофдаги музофотлар ичида энг улкан, энг аҳил эл. Шу сабабдан мустақил бир салтанат тузиш йўлидаги энг улкан, энг қийин вазифа бизнинг зиммамизда бўлади. Бу йўлдаги тўсиқларнинг барчасини биз ҳали билмаймиз, лекин бир нарса равшан. Халқ амирнинг зулмидан, бизларнинг камситилишимиздан тўйган, учқун чиқса бас, у алангага айланади. Амир бизга бўлган ҳукмронликни хожалар қўли билан бажаришига сабаб шуки, юртимиздан олинаётган даромаднинг бир қисмига уларни шерик қилиб қўйган. Чумолидек увол бўлган бу кишилар бизларга ҳукмрон бўлганликларидан қувониб амирга садоқат билан хизмат қиладилар. Биз бу дастгоҳни яқин ўртада синдириб ташлаймиз, янгисини тузиш эса бениҳоя қийин ва хатарли. Умид қиладиган жойимиз шуки, халқнинг хоҳиши биз томонда халқ жуда қудратли мўъжиза.
***
Чодак атрофи тоғлар билан ўралган. Чодаксой бўйида жойлашган бир неча кичик-кичик қишлоқлардан иборат. Аҳолиси сийрак бўлиб, тирикчилик учун зарур бўлган неъматлар етиштириш чекланган. Асосан наъматак ва ҳар хил гиёҳлар тайёрлаш, ўрик ва ёнғоқ мевалари етиштириш билан шуғулланишар, деҳқончилик учун яроқли ерлар кам бўлганлиги учун кўпчилик чорвачилик билан шуғулланар эди. Табиат инъомларининг чекланганлиги, ҳунармандчиликнинг йўқлиги сабаб бу ерларда катта мулк эгалари ҳам йўқ. Турмуш тарзи жуда одми, аҳолиси ўзбек ва тожиклардан иборат бўлиб, тинч ва осойишта ҳаёт кечиришар, шўх оқар ягона сойнинг шовқинини ҳисобга олинмаса, доим сокинлик ҳукм сурарди. Ҳавоси тоза, табиати гўзал бу масканнинг одамлари жуда ювош, соддадил бўлиб ҳукмронлик қилиш учун ҳеч қандай қудратга эга эмасдилар. Ўзларини улуғ зотлар авлодидан деб билгувчи хожалар Бухоро Амирининг қўғирчоғи эдилар холос. Кимнингдир ташаббуси билан барпо қилинган бошқарувнинг бу усули жуда заиф, ҳеч қандай кучга таянмаган бўлиб, бу заифликни минг уруғининг сардори Шомастбий бошқаларга нисбатан яққолроқ кўра олган ва анчадан буён уни синдириб ташлаш тараддудига пинҳона киришган эди. Унинг мўлжалидаги кун яқинлашиб қолгани аниқ. Бирор анжуман ниқобида бошлаш энг қулай усул бўлади.
***
– Чомочвой ишлар қалай, чарчаб қолмаяпсизми?
– Худога минг қатла шукур.
– Мен сизни муҳим бир масала юзасидан чақиртирган эдим.
– Бизга жуда кўп қурол-аслаҳалар керак.
– Кечалари ишлаш эвазига тайёрлаб беришимиз мумкин.
– Нега фақат кечалари ишлаш ҳисобига?
– Кундуз кунлари Амирнинг сарбозларига аслаҳа ясаймиз, шу боис…
– Тушунарли, бугундан бошлаб барча ясаган қуролларни фақат бизга топширасиз, тайёрлаб қўйганларингизни ҳам.
– Бундай қилсак амирликнинг назоратчилари бизларни жазолаши мумкин.
– Сизнинг битта тукингизга озор берган кишининг бошини оламиз.
– Жаноблари нима буюрсалар биз тайёрмиз.
– Бизга ҳозирчалик уч мингта қилич ва қалқон керак.
– Ундай бўлса атрофдаги ҳунармандларни ҳам жалб қилмоқ даркор.
– Сиз фақат ишбоши бўласиз холос, барча ками-кўсти бизларнинг зиммамизда. Юртимизнинг келажаги учун астойдил меҳнат қилишларингга тўғри келади. Қисқа муддат ичида шу қуролларни тайёрлаб берасизлар. Ниҳоятда сифатли бўлиши керак.
– Хўп бўлади.
– Бугундан бошлаб Бухоро Амири учун бир дона ҳам аслаҳа бермайсизлар. Тушунарлими? Ҳар хил баҳоналар ахтариб дангал алдайверинглар.
– Сизлар кечасию кундуз менинг одамларим ҳимоясида бўласизлар, пул билан таъминлаш ҳам бизнинг зиммамизда. Ҳозироқ Аёзбийга учранг, сизларга истаганларингча сармоя беради.
– Қўлимиздан келган барча ишларни қиламиз.
– Юртимиз келажаги учун фидойилик қиласизлар деган умиддаман.
– Ишончингиз учун ташаккур Бий ака.
* * *
Шомастбий Чодак хожаларининг вакиллари Бакирхўжа билан Равшанхўжани очиқ чеҳра билан кутиб олди. Оёқлари остига қўй сўйиш удуми меҳмонларга бўлган ҳурмат ифодаси эди.
– Хонадонимизга хуш келибсизлар.
– Хушвақт бўлсинлар.
– Ошна-оғайнилар барчаси соғ-саломатми?
– Оллоҳга шукур, барчалари тақсирга салом йўллашди.
– Саломат бўлишсин.
– Илтимосимиз хусусида, розиликларини олгани келдик.
– Юсуфхўжанинг қизига харидор бўлганларингни эшитдим. Таг-зоти кўрган оила, қиз ниҳоятда кўҳлик. Сизлардек нуфузли одамлар харидор бўлишганини эшитиб розилик билдирдим.
– Қуллуқ, ишончларинг учун миннатдормиз.
– Қуда-андачилик бизларни яқинлаштиради, борди-келди қилишимиз учун баҳона бўлади.
– Тўй баҳонасида биз томонларга борсалар барча улуғларимиз билан яқинроқ танишиб олардилар.
– Маъқул, тўйни биз ҳам шу мақсадда дабдабали ўтказмоқни азм қилдик. Барча улуғларни таклиф қиламиз, тўю-томошани якунлаб келин билан сизлар томонга меҳмон бўламиз.
– Жаноблари ҳам албатта борадилар деган умиддамиз.
– Иншооллоҳ.
* * *
Белгиланган кунда дабдабали тўй ҳам бошланди. Бу тўй баҳонасида Шомастбий теварак-атроф кишиларининг диққат эътиборини ўзига жалб қилиб, анча вақтдан буён етилаётган жараённи бошлаш эди. Жуда қулай фурсат етишган, барча тайёргарлик ишлари тугалланиб Шомастбийнинг ишорасини кутишар, меҳмонлар бирин-кетин кириб келишмоқда. Чодакдан келган меҳмонлар ўн-ўн беш нафардан хонадонларнинг алоҳида безатилган хоналарига таклиф қилинмоқда.
Бугунги тантана ҳар доимгиларидан фарқ қилиб, нимагадир шароб ичишга рухсат берилган. Бундай ғайриоддий жараён албатта ўз таъсирини кўрсатиб, бениҳоя жўшқин тус олган. Даставвал карнай-сурнайга жўр бўлиб дўмбиралар чалина бошлади. Теварак-атрофдан келаётган одамлар оқимидан хонадонлар тўлиб тошиб кетган, лекин чодаклик меҳмонлар тушган хонадонларга бегоналарни киритишмас эди. Вақт ярим кечадан ўтаётган бўлса ҳам базм тинмасдан авж оларди. Қаттиқ қарсиллаган товушдан ҳамма чўчиб кетди. Бу белгилаб қўйилган ишни бошлаш учун берилган шартли ишора эди. Қисқагина сукунатдан кейин карнайлар ғат-ғат қила бошлади. Хунрезлик бошланган эди. Меҳмонлар жойлашган хонадонларга қуролланган йигитлар ёпирилиб кириб, огоҳлантирмай барча меҳмонларни чопиб ташлайвердилар. Гап нимада эканлигини билишга ҳам улгурмаган бечораларнинг бошлари таналаридан жудо бўларди. Ҳеч қанча фурсат ўтмай барча Чодакдан келган кишилар мурдага айланишди.
– Бий ота, барча иш битди. Нима бўйруқ берасиз?
– Битта-яримта одам қочиб кетолмадими?
– Мана бу малъун қочиб кетмоқчи экан, йўл ёқасидан ушлаб олдик.
– Уни ҳам ўлдиринглар.
– Шошилманглар, – деди номаълум киши. – Ўлдиришга улгурасизлар, лекин мени сизларга жуда кўп фойдам тегиши мумкин.
– Хўш нима демоқчисан?
– Меҳмон сифатида кириб келган кишиларни бундай шафқатсизлик билан ўлдиришларингнинг сабаби нима?
– Бу сенинг ишинг эмас.
– Иккимиз ҳам Оллоҳнинг бандаларимиз.
– Шундай қилмасликнинг иложи йўқ эди.
– Мақсадларинг нима?
– Бухоро Амирлигининг зулмидан мутлақо қутулиш.
– Амирликнинг зулми учун нега бизлардан ўч олдиларинг?
– Чунки сизлар унинг зулмини жорий қилиш ижрочилари эдинглар.
– Амирнинг ҳамма ерда ишончли одамлари борлигини биласизларми?
– Биламиз, барчасини қириб ташлаймиз.
– Барчасини билмайсизлар, билолмайсизлар ҳам.
– Хўш нима демоқчисан?
– Амирнинг айғоқчилари ҳатто сизларнинг ичингизда ҳам бор.
– Исбот қила оласанми?
– Албатта.
– Уни қўл-оёғини бўшатиб олдимга олиб киринглар, – деди Шомастбий махсус хонага ишора қилиб.
– Сизларга фойдам тегади дедингми? Исминг айт.
– Дедим. Исмим Авазхўжа.
– Нима учун бизга ёрдам қилмоқчисан?
– Мен жуда кўп нарсадан бохабарман. Ўзимни ва бола-чақаларимнинг ҳаётини сақлаб қолишга ваъда берсаларинг жуда кўп фойдали сирлардан воқиф қиламан.
– Барча нарсалардан воқиф бўлсанг, нега ҳаётингни хавф-хатарга қўйиб бу ерларга келдинг?
– Барчамиз ғафлатда қолдик, бу даражада хуфя ишлар қилишингизни ҳеч ким кутмаган эди. Жамики қабила бошлиқларининг ёнидаги ёрдамчиси Амирга тегишли одам, уларни яширинча рағбатлантириб туради.
– Менинг ёрдамчим ҳам шунақами?
– Буни ўзингиз текшириб кўришингиз мумкин.
– Яхши, ҳозирчалик сени тутқунликда ушлашга мажбурмиз.
Ҳар қандай ҳукмроннинг атрофида хоинлар ва аблаҳларнинг ин қуриши табиий ҳол. Буюк ҳукмронлар бундай ҳолатдан санъаткорона фойдалана билганлар.
– Ҳурматли қабиладошлар, узоқ вақтлардан буён орзиқиб кутаётган кунлар яқин. Эртага саҳар чоғида Чодакка юриш бошлаймиз. Ихтиёримиздаги уч минг кишилик қўшин катта бўлмаса ҳам етарли. Бошлаган ишимиз жуда хатарли, лекин келажаги бор. Бухоро Амири бизга ҳеч қачон меҳр кўзи билан боқмаган, бунинг оқибатида юртимиз ободончилиги тўхтаб қолган, ривожланиш йўқ. Биз ёвузлик қилганимиз йўқ, фақат шафқатсизлик қилиб келаётган золимнинг панжасини қирқдик холос. Чинакам эркинликка эришиш йўли ҳали олис. Бу машаққатли ва узоқ йўлни босиб ўтишимиз учун ҳамжиҳатлик ва фидойилик даркор. Қўрқоқ ва лоқайд кишилар бугундан бошлаб бизларнинг ғанимимиз ҳисобланади. Улар билан хайрлашишга тўғри келади. Ичимизда бизга ғайирлик ва ҳасад билан қарайдиганлар ҳам, амирнинг айғоқчи-жосуслари ҳам етарли. Биз улардан қўрқмаймиз, вақти келиб албатта фош қиламиз, жазолаймиз ҳам. Сўлим боғлар, серҳосил ерлар, шўх оқар анҳорлар бизнинг мулкимиз. Боболаримиз шу заминда яшаганлар, келажак фарзандларимиз ҳам бу ерларда эркин яшаб, эркин ижод қиладилар. Ана ўша бахтли келажак учун бизлар масъулмиз.
Ҳаммаёқни даҳшатга солган қўшин тошқин сойдек бақир-чақир билан кириб келди. Ҳеч қандай ҳимояси йўқ тинч аҳолининг уйларига беркиниб олишдан бошқа чоралари йўқ эди. Қўшиннинг жиддий бир қаршиликка учрамаслигини қўқонликлар аввалдан билишар, бу юришдан мақсад келажакда бизларга қарши бош кўтара кўрманглар деган ишора бор эди. Анча-мунча суриштирув ишларини амалга ошириб бўлгандан кейин қўлга тушган хожаларни сўроқ қилишди, уларнинг тўплаган бойликлари мусодара қилиниб икки кундан сўнг орқаларига қайтишди.
* * *
Шомастбий теварак-атроф саркорларини тўплаб катта йиғилиш ўтказди.
– Қадрли юртдошлар, биродарлар. Бизлар бугун муҳим бир тарихий жараённинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Мустақил бир давлат қуришга бўлган истагимизнинг биринчи босқичини бажара олдик. Парвардигорнинг инояти билан кўзлаган мақсадимиз дебочаси бажарилди, энди жиддий ва ўта масъулиятли яна бир ишни амалга оширишимиз лозим. Эл-юртга садоқат билан хизмат қиладиган ақлли ва жасур бир кишини хон қилиб кўтаришимиз керак. Биз шундай одам танлайликки, у миллатини жонидан ортиқ севсин, ҳаётини тўла унинг равнақи учун бағишласин, халқ осойишталиги ҳаётининг мазмуни бўлсин. Сизларга уч кун муҳлат, ана шу масала устида чуқур бош қотириб ўз фикрларингни айтасизлар. Шундай қилайликки, орзуларимиз пушаймонлик билан алишмасин.
Ҳар хил баҳс ва мунозаралардан кейин барча кенгаш вакиллари бир овоздан хон авлодидан бўлган Шоҳруҳбий ибн Шомастбийни хон қилиб кўтаришга қарор қилдилар. Бу воқеа 1221 ҳижрий, 1709 милодий йилда содир бўлган эди.
***
– Толеинг порлоқ бўлсин, – деди Шомастбий ўғли Шоҳруҳхонни бағрига босиб. – Хон бўлганингиз билан қутлайман.
– Бу мартабага сизнинг хизматларингиз бўлмаса, мен эриша олмас эдим.
– Хонлик лавозимига эришиш мушкул иш, у мансабда ўлтириш эса унданда қийин.
– Мен ҳам фақат шу ҳақда ўйламоқдаман.
– Биринчиларга ҳар доим қийин бўлади. Сиз биринчисиз, шу боис сизга икки карра оғир бўлади.
– Дастлабки қийинчиликларни бартараф қилишда сизнинг маслаҳатларингиз мен учун жуда муҳим бўлади.
– Ҳукмрон ким дўст, ким душман билиб олиши зарур, агар бу ишни уддалай олмаса барча ишлари чаппа кетаверади.
– Мен албатта шундай йўл тутаман.
– Бу ишларни амалга ошириш учун хоҳишнинг ўзи етмайди. Ҳар қадамда алданиб юрган ҳукмрон душманлар қўлидаги қўғирчоққа айланади. Алданмаслик учун кимларга ишониш ва кимларни алдаш лозимлигини билиш керак. Худди ана шундай муҳим ишлардан бири халқнинг ишончига сазовор бўлиш. Халқ сизни сидқидилдан севса, енгилмас кучга айланишингиз муқаррар. Қолган барча ишлар ана шунга боғлиқ. Халқнинг ишонч ва меҳрини қозонмаган ҳукмрон албатта қулайди.
– Мен бу сўзларингизни асло унутмайман.
– Хўш, душманларингиз ким эканини аниқлаб олдингизми?
– Унчалик билганимча йўқ.
– Душманингиз Бухоро Амири ва унинг гумашталари.
– Буни биламан.
– Сиз Амирнинг ўзинигина биласиз, ичимизда юрган унинг гумашталарини билмайсиз.
– Бу тўғри, лекин бир нарсага ақлим етмайроқ турибди. Ёрдамчингиз Султонхўжанинг хоин эканлигини била туриб нега уни қатл қилмаяпсиз?
– Султонхўжа ёлғиз эмас, амир бизнинг юртимизга бутун бошли жосуслар гуруҳини жойлаган. Айниқса, қаландарлар, дарвешлар ва лавозим эгаларининг ичида унинг ишончли вакиллари бор. Кўпгина жосуслар азиз-авлиёларнинг мозорига жойлашиб олишган. Биз ҳам хуфя ишлар билан шуғулланувчи кишилар гуруҳини тузамиз. Ҳозирчалик ўзимиз билган жосусларни кимлар билан алоқаси борлигини кузата бошлаймиз. Жосуслар ёнига биз ҳам ўзимизнинг ишончли одамларимизни жойлашимиз керак. Бу билан бўлажак фитналарнинг олдини оламиз, ўз навбатида биз ҳам душманни чалғитиш учун нотўғри гаплар ёки миш-мишлар тарқатамиз.
* * *
Шоҳруҳхон ўзига содиқ кишиларни йиғиб катта кенгаш ўтказди. Вазири аъзам этиб Убайдуллахўжа, хуфя ишлар сардори этиб Нуриддинхўжа, мингбоши этиб Акбархўжа тайинланди ва яна аллақанча кишилар масъул лавозимларга жалб қилинди.
– Энг долзарб ишларимиздан бири атроф шаҳар ҳокимларига нома ёзиб, қимматбаҳо совғалар билан элчилар юбориш. Биринчи навбатда атроф шаҳарлардан Марғинон (Марғилон), Исфара, Яйпан ва бошқалар, иккинчи навбатда Андижон, Наманган, Ўш, Ўзган ва бошқаларга. Бу шаҳар ҳокимлари билан ниҳоятда дўстона муносабатда бўлмоғимиз шарт. Иккинчи зарур ишимиз зудлик билан мунтазам қўшин тузиш. Ишончли мудофаа ташкил қилмоқ керак. Учинчи ишимиз хонлик учун қароргоҳ қурмоқ лозим.
* * *
– Хон ҳазратлари омонмилар, – деди Шомастбий ўғли Шоҳруҳхонга ҳазиломуз тикилиб. – Нималар билан машғул бўлмоқдасиз?
– Ишлар шу даражада кўпки, қайси бирини айтишга ҳам ҳайронман.
– Хон барча ишларни ўзи бошқариши шарт эмас, кимга қанақа буйруқ беришни тўғри йўлга қўйса, барча ишга улгурса бўлади. Сиз ўғлим оддий кишилар орасида ўсиб улғайдингиз, бунинг ўзига хос афзалликлари бор, халқ билан яқинлашиш, уларнинг меҳрига кириш осон кўчади. Лекин одмиликни ҳам ўз ўрни ва меъёри бор. Хон буни билмаса, бунга риоя қилмаса бўлмайди, чунки у мамлакатнинг сиёсатини бошқаради. Демак сиёсат юргизишни билиш керак, қаттиққўллик деганда адолатнинг ҳимояси тушунилади, хоннинг хоҳишини эмас. Вақти келса раҳмдилликдан ҳам юз ўгиришга тўғри келади, ўз ҳузур-ҳаловатидан ҳам. Сиз билан хонларга хос ожизликлар ҳақида анчагина суҳбат қурганмиз, эслайсизми?
– Албатта, эслайман.
– Ундай бўлса баъзиларини такрорлашимга тўғри келади. Биринчидан ҳукмрон очкўз бўлмаслиги керак, ўз фуқароларининг мол-мулкини талаган хон охир-оқибатда хароб бўлади. Иккинчидан хоннинг ишратпарастлиги халқнинг бошига кулфат бўлиб ёғилади. Сизга тахт мерос бўлиб қолгани йўқ, ўз меҳнатингиз, курашингиз билан эришдингиз, киритдингиз, энди уни мустаҳкамлашга ҳам худди шундай киришмоғингиз керак.
– Тахтга ўлтиришим сизнинг меҳнатларингиз туфайли. Энди унинг равнақи учун ҳам бебаҳо ўгитларингиз зарур.
– Хон қалъасини қаерга қурмоқчисиз?
– Эски қўрғон ўрнига.
– Демак Кўк тўнли Азизлар мавзесига. Яхши ўйлабсизлар, икки сойнинг туташган жойи. Жуда гўзал ва баҳаво ер.
– Хон ҳазратлари, – деди эшик оғаси Шоҳруҳхонга таъзим қилиб. – Сардорхўжа қабулларига киришга ижозат сўрамоқда.
– Кирсин, – деди хон отасидан узр сўраб.
Алпқомат, юришлари донадор йигит хоннинг рўпарасига келгунича таъзим қилиб, сўз бошлади:
– Нохушроқ хабар келтирганим учун узр сўрайман.
– Сўзланг.
– Ишончли одамларимизнинг хабар беришларича, Бухоро Амири биз томонга ҳарбий қўшин юборган эмиш.
– Шундай денг, маълумот аниқми? Адашаётганингиз йўқми?
– Мутлақо аниқ.
– Қўшин неча минг кишидан иборат экан?
– Беш минг киши атрофида.
– Тушунарли. Сизга жавоб.
Шоҳруҳхон отасига юзланди.
– Мен шундай бўлишини билар эдим.
– Бўлажак воқеаларни олдиндан билиш улуғ фазилат.
– Бу хабар мени чўчитолгани йўқ, аксинча кўнглим тасалли топди.
– Нима учун?
– Уч мингга яқин ҳарбий қўшинга эга эканлигимиз ҳақида сохта гап тарқатган эдик. Жосуслар амирга бу ҳақда хабар беришган кўринади, шу сабабдан у беш минг кишилик қўшин жўнатибди.
– Демак бешикда эканлигингиздаёқ йўқ қилмоқчи бўлган.
– Худди шундай. Бизнинг анчагина улғайиб қолганимиздан хабари йўқ кўринади.
– Энди нима иш қилмоқчисиз?
– Жанг қиламиз, юртимизни ҳимоя қиламиз.
– Сизнинг ихтиёрингизда қанча қўшин бор?
– Ўн икки минглик қўшин тузишга аллақачон улгуриб бўлганмиз.
– Яхши, сизга омад тилайман. Фақат душманга менсимай қараманг.
***
– Амир лашкар Аёзбекни ҳузуримга чорланглар.
– Хўп бўлади.
– Амир лашкар ҳузурларига ижозат сўраяпти.
– Кирсин.
– Хон ҳазратларининг буйруқларига биноан келдим.
– Хўш, Аёзбек аҳволингиз қалай, қўшинларимиз жанговар ҳолатга келдими?
– Худди шундай, жангчиларимизнинг ҳолати яхши, кайфияти аъло.
– Амирликнинг лашкарлари билан жанг қила оласизларми?
– Хон ҳазратлари буйруқ берсалар, ўлимга ҳам боришга тайёрмиз.
– Яхши жангчи ўлиш учун эмас, душманни мағлуб қилиш учун жангга киради.
– Тушунарли.
– Ўтиринг, бафуржа гаплашиб олишимиз керак. Бухоро Амири бизни жазолаш учун қўшин юборган, тез кунларда етиб келишади. Қўшин беш минг жангчидан иборат, фикрингизни айтинг.
– Менимча, уларни дарёдан кечиб ўтадиган жойда кутиб олиш лозим.
– Дарёнинг қаеридан кечиб ўтишини қаердан биламиз.
– Мен биламан, ҳар сафар дарёнинг ёйилиб оқадиган энг саёз жойидан ўтишади.
– Ишончингиз комилми?
– Шубҳасиз.
– Борди-ю фикрларини ўзгартиришса-чи?
– Уни ҳам эътиборга олиб қўямиз.
– Яъни?
– Қўшинларимизни икки қисмга бўламиз, бир қисмини Сирдарёнинг икки қирғоғига жойлаштирамиз. Заҳирадаги иккинчи қисм уларнинг ўтиши мумкин бўлган ягона йўл бўсағасида бўлади.
– Гап бундай, биз юртимизда эканлигимиз биринчи афзаллигимиз, агар ўзимизни йўқотиб қўймай қўққисдан ҳужум қилсак йўл юриб, чарчаб-хориб келаётган душманни албатта, енгамиз.
Ярим тунгача давом этган ҳарбий кенгашда барча жанг қилиш масалалари келишиб олинди, тажрибали ҳарбийлар бир овоздан Амир лашкар Аёзбек таклифини маъқулладилар. Сирдарёнинг энг саёз қирғоқларига яширинча ҳарбийлар жойлаштирилди. Амир лашкарларининг бир қисми кечувдан ўтгандан сўнг пистирмадан туриб ҳужумга ўтишади, дарё ичида қолган жангчилар қайси томонга юришларидан қатъий назар ўлим топишлари аниқ.