– Тайёргарлик бўляптими, Аъзамхўжа?
– Ҳамма йўқ бисёр, дастурхонни айтганингиздек қилиб тузаб қўйдим.
– Қанақа таомлар қиламиз?
– Биринчисига қобили шўрва, кейин паловхонтўрада.
– Шунинг ўзи етадими?
– Албатта етади, дастурхонга анчагина нозу неъматлар тузадим. Орада иккитадан сомса ҳам берамиз.
– Сомса ҳам тайёрладингизми?
– Дўстингиз Маҳмудхўжа бир тоғора сомса ташлаб кетди, совға ўрнига деди. Кўрпача билан ўраб қўйдим.
– Эй бечора, жуда қўли очиқда.
– Менга қаранг Муҳаммад Солиҳ, машшоқчиларни ҳам айтдингизми?
– Айтдим, Қамбар ҳофизни айтдим, шериклари билан ҳали-замон кириб келади.
– Ундай бўлса…
– Нимадир демоқчимисиз?
– «Ҳалиги»дан бўладими?
– Бир-иккита қарилар ҳам келишади, ноқулай бўлмасмикин?
– Шундай қувончли кунда озгина-озгина қилмасак бўлмайди-да.
–
Сиз дўстларимиз харқанча хурсандчилик қилсаларинг мен ҳам хурсанд бўламан, лекин иймон – эътиқодли бўлатуриб бундай ишлар қилиш менимча яхши иш бўлмайди.
–
Акагинам, бунақа ишлар ими – жимида бўлади, бирорта кимса хидини хам билмайди.
–
Сиз Аъзамхўжа нихоятда ақилли одамсиз, харқандай ишни бандалардан яшириш мумкин, лекин Оллоҳдан яшириб бўлмайди. Шу сафарчалик мени манзур тутинг.
–
Хўп ака, айтганимиздек қиламиз.
–
Барака топинг ука, чақалоқнинг бахтли ва омадли бўлиши учун истак билдирсаларинг мен учун катта мурувват кўрсатган бўласизлар. Қарилар Қуръон тиловот қиладилар, яхшигина сухбат қиламиз.
–
Яхши, мен бу томонини билмаган эканман.
–
Ниятим катта, гўдаккина элимизни ардоқли фарзанди бўлсин, илмли эътиборли бўлсин.
Истакларингизга барчамиз тилакдошмиз
Пешин намозидан кейин меҳмонлар бирин-кетин кела бошладилар. Зиёфат жуда қуюқ бўлиб, кўтаринки руҳда ўтди. Қамбар ҳофиз айниқса ўтиришга файз киритди. Гўдак Убайдуллохўжага барча яхши тилаклар билдирди. Баркамол инсон бўлишини, бахтли ҳаёт кечиришини тилаб бир неча бор фотиҳа қилдилар.
Уч ўғилнинг отаси Муҳаммад Солиҳнинг қувончи чексиз эди. Унинг хонадони шундоққина Шайхон маҳалласининг кираверишида жойлашган бўлиб, Хода бозор кўчаси билан туташиб кетган. Қўқон хонлигининг қароргоҳига яқин маҳаллалардан ҳисоблангани учун аҳоли зич, кўчалар обод ҳамда гавжум. Атрофида бир неча чойхоналар жойлашган. Ана шу аҳоли зичлиги туфайли барча қатори Муҳаммад Солиҳнинг ҳам ҳовли саҳни кичкина, бироз узунчоқ эди. Кираверишда болохонали уйча бўлиб у меҳмонлар учун мўлжалланган, яна бир хона ташқари икки уй бир даҳлиз бўлиб, у ётоқхона ва ўтирадиган уй вазифасини ўтар. Ҳовли тор бўлишига қарамай тартибли, саранжом-саришта, ҳамма нарса жой-жойида. Муҳаммад Солиҳ маҳсидўзлик билан шуғулланар, унча-мунча савдо-сотиққа ҳам аралашиб турарди. У бой-бадавлат бўлмасада, ўзига яраша мустақил киши бўлиб, жуда меҳмондўст, хушмуомала, кишиларнинг меҳрига кира олган одам эди.
Кўргилик кўпгина ҳолатларда кутилмаган томондан келиб, кутилмаган натижа билан якунланади. Ҳар қандай қийинчилик билан бўлса ҳам ўрнини тикласа бўладиган кўргиликнинг жароҳати аста-секин битиб кетади. Лекин қайта битмайдиганининг асорати умрбод сақланиб қолади, қайта-қайта кўнгилни тирнайвериб охири битмас ярага айланади. Унга гирифтор бўлган кишининг афсус ва надомати бир умрликдир. Орқама-орқа келган кўргиликлар Муҳаммад Солиҳни ҳам қаддини букиб қўйди, фаолиятли ҳаётини йўқотиб, ҳар нарсадан ҳадиксирайдиган, ўқтин-ўқтин пана жой топиб кўз ёши тўкадиган бўлиб қолди. Хулқидаги жўшқинлик, ҳазил-мутоибаларга бўлган мойиллик, юзидаги табассум уни мутлақо тарк этди. Жисмонан тетик ташқи қиёфаси йўқолиб, уларнинг ўрнини оқариб кетган соч-соқоллар, букилган гавда эгаллаб олди. Одамзотнинг тақдирга тан бермай иложи йўқ.
***
Катта орзу-умидлар билан яшаётган бечора йигитнинг бошига тушган оғир кўргилик уни хароб қилиб қўйди. Бирин-кетин касалга чалинган икки ўғлидан ажрайди, узоқ вақт даҳшатли кўргиликдан ўзига келолмай юради. Энди барча орзу-умиди ягона ўғли Убайдуллодан. Оллоҳ унинг умрини узоқ қилган бўлсин. Убайдулло ёқимтой болакай бўлиб ўса бошлади. Уни ота ва она еру кўкка ишонишмасди, Оллоҳдан умр тилаб парвариш қилишар, болани оила аъзолари билан бирдек тоғаси Муҳаммад Содиқ ҳам жуда ёқтирар, тез-тез улардан хабар олиб, совға-саломлар билан йўқлаб турар эди.
***
Оламдаги энг гўзал неъмат покиза инсоннинг покиза дили бўлса керак.
Ёвузликни мутлоқ йўқотиб бўлмаганидек, гўзаллик бўлган ва ҳар доим бўлади.
Олижаноблик ҳақида айрим олижаноб кишилар ҳақида ҳикоялар ҳатто асарлар ёзамиз, таҳсинлар ўқиймиз. Тарихга киритамиз, аслида жамиятнинг асосий қисми олижаноб одамлардан иборат бўлмоғи лозим. Олижаноблик оддий ҳол бўлмоғи керак. Қачонлардир келиб эҳтимол шундай бўлар, оддий инсон энг камида олижаноб кишига айланар. Баркамол одам бўлиш учун оддий турмуш сабоқларининг ўзи етарли эмас. Ҳаётий эҳтиёж жуда кўплаб йўлакларга етаклайди. Муҳтожлик нима, оч қолиш нима, меҳнат ва илм олиш нима барчасини билиш керак, билиш учун кўриш, ўрганиш керак. Кўрмай, билмай ўтиш яшамай ўтиш билар баробар, одам боласи бўлиб туғилиб, яшамай ўтиш жуда ачинарли ҳол.
Тараққиёт тўхтаб қолмайди. Тўхтатишнинг иложи ҳам йўқ, уни тинимсиз одимлашидан барчамиз баҳрамандмиз. Шу боис инсоният тараққиёти учун, одамларнинг бахтли ҳаёти учун яратилган ҳар қандай янгилик учун қувонишимиз шарт. Нодон буни тушунмайди, тушунишни хоҳламайди ҳам, қанақа-ки гўзал неъмат яратилса ўша нарсага қарши фаолият бошлайди, кишиларнинг омади унинг учун ёқимсиз воқеа, яратилган гўзал нарса унинг учун фожеа.
***
Афсуски қанча-қанча истеъдодларимиз ожизликларимиз исканжасида нобуд бўлган. Бахт нима эканлигини билиш учун аввал бахтсизлик нима эканини билмоқ лозим.
Убайдулло оиланинг ёлғиз фарзанди бўлиб қолди. Отаси Муҳаммад Солиҳ ўзининг барча орзу-умидларини ўғлига бағишлаб унинг тарбиясига астойдил киришди. Болани даставвал эски усулдаги маҳалланинг мактабига ўқишга беришди. Убайдулло зеҳни тез, зукко, чаққон бола бўлиб улғая бошлади. Унинг энг яқин кишиси отаси ва тоғаси Муҳаммад Содиқ эди. Ота-она ва қариндошларнинг меҳрига қониб ўсган бола бошқаларга нисбатан ўзи ҳам меҳрибон, одобли ва ростгўй эди, шўх бўлишига қарамай тез сабоқ олар, ўргатилган нарсаларни ошиғи билан ўзлаштириб оларди.
– Дада, – деди бола қувончдан кўзлари чақнаб, – ҳафтиякни тамомладик.
– Э баракалло ўғлим, ўқишни яхши тамомласангиз олим одам бўласиз, барча одамлар сизни ҳурмат қилишади.
– Дада қачон менга тойчоқ олиб берасиз?
– Бироз катта бўлсангиз, албатта тойчоқ олиб бераман.
– Қачон катта бўламан?
– Яхши бола бўлиб, айтганларимизни қилаверсангиз тез кунда катта йигитча бўласиз.
– Кейин нима қиламан?
– Кейин мадрасада ўқиб, илм оласиз. Жуда кўп ўқишингиз керак. Мен сизга жуда қизиқарли китоблар олиб бераман.
– Уларда нималар ёзилган бўлади?
– Ҳар хил қизиқарли эртаклар, ҳикоялар бўлади.
– «Уч оғайни ботирлар» ҳам борми?
– Албатта бор, сиз бу эртакни қаердан биласиз?
– Домламиз айтиб берганлар.
– Баракалла, домлангиз ўргатган нарсаларни эслаб қолишга ўрганинг.
– Ўртоқларим билан ўйнаб келсам майлими?
– Майли болам, ўйнаб келинг, фақат от аравалардан эҳтиёт бўлинг.
Болаларга бўлган муносабат, ҳар бир даврнинг қиёфаси ва ўша давр кишиларининг меҳр-муҳаббатининг ўлчовидир. Ҳар қандай шароит имкониятдан келиб чиқади. Ўша даврнинг имконияти ўзига хос бўлиб баъзи бир соҳалар қашшоқ ва ночор эди. Ана шу сабабларга кўра қурилиш ва ободончилик ишлари суст ривожланган, кўчалар тор, ёзда тупроқ, қишда лой билан қопланган эди. Болаларнинг ўйнаб ҳордиқ чиқаришлари учун ҳеч қандай шароит йўқ. Бечора болакайлар шундай бўлишига қарамай ўзларига ўзлари шароит яратиб неча хил ўйинларни кашф қилишиб қувонишар, шўхлик қилиб яйрашар эди. Ўйинлар асосан қувлаш, яшин тўпалоқ, эшак минди, оқ терагу-кўк терак каби бўлиб, ўйинчоқларсиз бўларди, мавсумларнинг ўзгаришига қараб уларнинг турлари ўзгариб борарди. Баҳор палласида даста-чикалдак, камалак отиш, дўндирак ўйнаш, варрак учириш бўлса, куз чоғига бориб ёнғоқ ўйини, лаппак отиш кабилар авж олади, қиш палласида ланка тепиш, бир-бирларига эртак сўзлаб беришдан иборат бўлади. Убайдулла жуда хушчақчақ, соддадил бола бўлиб улғая бошлади. Лекин кўпгина ўйинларни тақиқлаб қўйишгани учун фақат томоша қилишдан нарига ўтолмасди. Отаси йиқилиб тушишидан қўрқиб томларга ва дарахтларга чиқишга рухсат бермайди, шунинг учун у қўйнига ғўра тўлдириб дарахтдан тушаётган, томда маза қилиб варрак учираётган болаларга қараб фақат ҳавас қиларди холос. Бошқа ўйинларга ҳар ҳолда қатнаша олади. Унинг ёшлиги пастқам уйлардан иборат унча кенг бўлмаган кўчаларда терлаб-пишиб ўйинқароқлик қилиш билан ўтди. Аста-секин ўйинларни тарк этиб, мутолаа ва отасининг касби маҳсидўзлик билан шуғуллана бошлади.
***
Инсоният тарихига назар солсак, узоқ йиллар давомида диний низолар, дахшатли жанжаллар бўлганини гувоҳи бўламиз. Хўш нега шундай бўлган? Бунинг сабаби шундаки кўпгина одамлар чинакам эътиқод, чинакам гўзаллик нима эканини билмай, эътиқоднинг чин мохиятини тушунмай, ўрганмай ўзини диндор деб тушунади, яна бир тур кишилар динни ўз манфаатларига мослаш қайғуси билан ёки уни даромад манбаи деб тушунувчилар ҳам йўқ эмас. Бундай кишиларнинг аксарият кўпчилиги динга ёнгил – елпи қараган, саёз фикрли ва илмсиз одамлардир. Билимсизлик хардоим салбий хохишларнинг авж олишига етаклайди, айниқса очкўзлик, шухратпараслик, нафсни тиябилмаслик, худбинлик, хирсга берилиш каби қусурларни йўлини тўсишга ожизлик қилиб қолади. Чинакам эътиқод эгаси умр бўйи меҳнат қилади, тер тўкади, илм олади, ана шу йўл билан, тинимсиз ўз ички оламини бойитиб, маънавиятини юксалтириб, ўз дилини поклаб боради, бундай одам худбинликдан холи, кишиларга меҳрибон, хаммага омад тилагувчи бўлиб энг ёқимсиз қусурлар хасад бахиллик, бойликка ружу қўйишларидан фориғ бўлади, Парвардигорга чин дилдан ишонган бундай эътиқод эгалари, хурофот, мутаассиблик, бефаросатликдан холи бўладилар. Бундай гўзал кишиларнинг кўпайиши бахтли ҳаётга, мамлакатнинг тараққий қилишига, мазмунли ҳаёт томон етаклайди, бундай юртининг қудрати беқиёс ошади, фидоийлик ва фаоллик тинмай ривожланаберади. Хурофотдан холи бўлган бундай мамлакатни хеч кандай ёв мағлуб қилаолмайди. Бунинг акси бўлган юртда матаассиблик авж олади, бақироқ мутаассиблар пайдо бўлади, илмсизлик, порахўрлик, дилозорилик авж олади. Фуқароларнинг асосий қисми оломонга айланиб, диний низолар кучаяди, жахолат хукмрон кучга айланади, кишилар учун зарарли бўлган фикрлашлар, кераксиз ақидалар ҳам хукмрон кучга айланади. Ўтмиш шуни юз қарра исбот қилди, қайсики юртда муттассиблик кучайса ўша юрт инқирозга юз тутиб, душманга ем бўлган, мустақиллигини йўқотган, донишманд ва хос одамлар изтиробларга мубтало бўлган. Хар бир юртнинг билимдонлари бундай муаммолар устида бош қотирмоқлари, хушёр бўлишлари жуда мухим.
Одамлар воқеаларнинг якунига эмас, кўпроқ унинг ўзига эътибор берадилар. Шу сабабга кўра жуда кўп жараёнларнинг якуни қайғули тугайди.
Чинакам қайғу, чинакам муаммолар, чинакам қийинчиликлар донишмандлар йўлига ғов бўладиган доимий тўсиқлардир.
Яқингинада бўлиб ўтган жараёнларни хаёлимиздан ўтказиб таажжубга тушамиз, ишонгимиз келмайди. Наҳотки шундай ишлар бўлган экан деб ҳайрон бўламиз. Бутун бошли юрт кимгадир мерос, қайсидир бир кимса унинг тўла хўжайини. Шоҳлик тахтига ўтириб олган киши уни ўз майли билан хоҳлаганича бошқаради, нимани истаса ўшани қилади. У одамнинг илми, истеъдоди, инсоний фазилатлари, юртига ва миллатига бўлган меҳр-муҳаббати билан ҳеч кимнинг иши йўқ, деярли ҳеч кимга ҳисобот бермайди. Унинг зулмидан тўйган халқнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди, дардини айтса бўладиган меҳрибони йўқ. Оғиз очмай сабр қилишдан бошқа иложи йўқ. Шоҳ қандай одам эканидан қатъий назар золимми, фозилми, бутун юрт унга тобе, энг ёмони шундаки у ўз умрини якунлаганидан сўнг, ўрнига унинг фарзанди келади. Фарзанди ким, неча ёшда, қобилияти қандай, хулқи қанақа, бунинг аҳамияти йўқ. Подшоҳнинг ўғли бўлгани учун у ҳам подшоҳ бўлади, юртнинг хўжайини бўлади. Борди-ю у гўдак бўлсачи ёки бироз тентакроқ бўлсачи, барибир подшоҳ зотидан бўлгани учун у ҳам подшоҳ бўлиши лозим. Бу нодонликларга қарши ҳеч ким эътироз қилмайди, гўё шундай бўлиши шартдек.
Гўдак Худоёрхонни тахтга ўтиргизиб қўйиб, амалдаги хонликни ўзи бошқараётган Мусулмонқулга қарши бош кўтарган кучларнинг сони ошиб борар, чунки унга суянган қипчоқлар барча муҳим лавозимларни эгаллаб, ўзбекларга кун беришмас эди. Улар энг серҳосил ерларни ва яйловларни эгаллаб олишган, ўша даврдаги тирикчиликнинг энг асосий манбаи бўлган чорва ва деҳқончилик шуларнинг ихтиёрида эди. Улғая бошлаган Худоёрхонда тахтни мустақил бошқариш орзуси туғила бошлади, унинг атрофида Мусулмонқулга қарши кучлар жамланиб аста-секин куч йиға бошлади. Бир неча йиллик хуфиёна қилинган ишлар ўз самарасини берди. Ниҳоят Мусулмонқулнинг зўравонлиги барҳам топиб, ўзи асир олинди ва бир неча кундан сўнг уни халқниг кўз олдида қатл этишди. Халқ енгил нафас олди, янги умидлар, янги имкониятлар яратилган эди.
Халқнинг ҳар қандай даврда қудратли кучи мавж уришдан тинмайди, қатламларининг қат-қатида ижод, илм, санъат аҳли беҳисобдир. Фидоий, донишмандлар, беқиёс гўзал кишилар ҳар доим етарли бўлади. Афсуски, «истеъдодли» нодонлар, худбинлар, очкўзлар ҳам. Соғлом ва бенуқсон бўлган халқ ана шундай «истеъдодли» нодонлар, беморлар касрига қолади. Улар баданга тушган куя мисоли халқнинг, миллатнинг бошига фақат кулфат келтирадилар, оддий халқ, оддий меҳнаткаш хўрланади, азоб чекади. Мусулмонқулнинг ҳалокати оддий кишиларнинг ҳаётини яхшилай олмайди. Зулм устига зулм, бузуқчилик устига бузуқчилик.
Исён устига исён Худоёрхонни жуда толиқтириб юборди. Шимолий вилоятларни бирлаштириб алоҳида ўлка қилиб, унга ўзининг энг ишончли одамларидан бири бўлган Мирзо Аҳмадни ҳоким қилиб тайинлайди. Ўта шафқатсиз ва қаттиқўл бўлган Аҳмад халқ ичида қаҳр ва ғазаб уйғотади. 1857 йилда хонликнинг шимолий қисмида катта қўзғолон кўтарилади. Кимга суянишни билмаган хон қўзғолонни бостириш учун каттагина қўшинга бошлиқ қилиб ўз акаси Маллахонни тайинлайди. Узоқ йиллардан буён фурсат кутиб юрган Маллахон учун бу тахтни эгаллаш учун жуда қулай шароит эди. Худоёрхоннинг атрофидаги анчагина амалдорларни ўз томонига оғдириб олган Маллахон тезлик билан ишга киришади, биринчи бўлиб қўзғолон чиққан вилоятларнинг ўлпон (солиқ)ларини бекор қилади. Уларнинг раҳбарларига совға-саломлар юбориб алоҳида меҳр кўрсатади ва яна аллақанча тадбирлар ўтказиб қўзғолончиларнинг меҳрини қозонади. Маллахон катта қўшин ёнига исёнчиларни ҳам қўшиб Қўқонга юриш қилади. Аллақачон хиёнат йўлига кирган хон амалдорлари Маллахон томонга ўтиб кетадилар. Ёлғизланиб қолган Худоёрхон Бухорога қочиб жон сақлашдан бошқа иложи қолмайди.
***
Инсоният ҳар доим орзу билан яшаган, интилган, курашган, олға одимлаган, адашган ҳам, талайгина инқирозларга учраб таназзулга ҳам кетган. Қувонч, умид қатори тушкунлик ҳамроҳи бўлган, лекин қисқа муддатли умидсизлик ўрнини шодлик, ишонч эгаллаб, қайтадан гоҳ секин, гоҳ тезлаб тараққий қилаверган. Замона кўргиликлари барча фуқароларимизнинг хаётида албатта акс этмай қолмайди. Мухаммад Солихнинг оиласи хам иқтисодий тангликда куч кечирар, қўл мехнатига асосланган махсидўзлик билан шуғулланиш бир ховли одамнинг эхтиёжини қоплайолмас, тинмай қилинган меҳнат ёнига аёлларнинг тикув – бичув ишлари ёрдамга келар, барибир етишмовчилик ва муаммолар бисёр эди. Айниқса қаҳратон қиш палласини ўтказиш жуда оғир кечар, чилланинг изғирин кунларига нимжон одамлар чидайолмай вафот этардилар, бахорга соғ-саломат етиб борган кишилар шукроналар айтишиб наврўз байрамини шодёналар билан кутиб олардилар, сумалак еб куч – қувватларини тиклаб олишар, тут пишиғида етиб олиш янада тотли бўлиб, қувончли ва шовқин – суронли ҳаёт бошланар, дехқонлар ризқ – рузи учун пешона тери тўкиб, янги хирмон яратиш билан машғул бўлардилар.
Умидлар дониси хирмонда қолур,
Боғу – роғ на санда, на манда қолур.
Симу зар тўплама, дўстларла еб – ич,
Бўлмаса хаммаси душманда қолур.
У. Хаём
Соддадил меҳнатсевар қўли гул дехқонлар умр бўйи яхши умидлар билан катта хирмон кўтаришни орзу қилиб меҳнат қилардилар, меҳнат якунида томошалар, сайиллар ташкил қилишиб хордиқ чиқаришар, орзулари катта тў-ю-тамошалар қилиб, эл олдига дастурхон тузаш эди, Мухаммад Солихнинг ҳам орзуси оила фаровонлиги таминлаш, фарзандларини муносиб кишилар қилиб вояга етказиш, айниқса Убайдулланинг илмли, элга таниқли киши бўлишини истар эди. Кайноғаси Содиқбой ҳам шундай фикрда бўлиб, опасининг оиласига қўлидан келган ёрдамини аямас, ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб ўқтин – ўқтин хабар олиб турар эди.
***
У айниқса онасининг вафотидан сўнг опасини она йўлли кўриб жуда эъзозлар, имкониятидаги барча ишларни аямай бажарар эди. Саҳийлик обрў-эътиборини ошириши билан бирга шахсий ишлари ҳам ривожланиб борар, мурувватли ҳаётини ҳеч кимдан аямас эди. Одамларнинг дуоси «бирини ўн», «ўнни туман» қилиб, мавқеини тинимсиз оширар, авваллари салкам бир таноб ерида кетмон билан тинмай меҳнат қилган бўлса, эндиликда ихтиёрида эллик таноб ери бор, чоракорлар тинмай меҳнат қилишади, тагида уловлари, омборхонасида қоп-қоп ғаллалари тахланиб ётади. Ака-укаларига қанчалик меҳрибон бўлса, опасининг оиласига ҳам анна шундай меҳрибон ва жонкуяр. Ҳар жума кунлари шаҳарга жума намози ўқишга келади, сўнгра албатта опасининг ҳовлисига ўтади. Ҳар хил нозу неъматлар харид қилади, гоҳо ошнинг харажатини қилиб поччасини палов билан сийлайди, Убайдуллани эркалатиб, анча вақт суҳбатлашиб ўтиради. Мана бугун ҳам қувониб опасининг ҳовлиси томон йўл олди.
– Опажон мана мен келаяпман, – деди Содиқбой ўз одатига кўра опасига елкасини тутиб.
– Вой укагинам келинг, кўзимдан ўтиб турган эдингиз. Қани ичкарига киринг, овқат тайёр, бирга тушлик қиламиз.
– Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг Убайдуллохонни соғиниб қоламан, ҳар куни келавергани ийманаман.
– Асло ийманманг, бу ҳовли ҳам ўзингизнинг уйингиз. Убайдуллохон мисоли ўғлингиздек, у ҳам сизни яхши кўради.
– Поччам яхшимилар?
– Худога шукур, сизни кўп тилга оладилар, у киши сизга почча эмас туғишган оғадеклар.
– Тўғри, мен ҳам ўзимни яқин тутаман, энг кўп борадиган жойим сизларники. Мана бу нарсаларни олиб қўйинг, – деди у қўлидаги шоҳи рўмолга ўралган нарсаларни опасига узатиб.
– Нега одамни хижолат қилиб нарса кўтариб келасиз. Ҳар сафар бизларни хижолат қиласиз.
– Ҳеч қандай хижолатлиги йўқ, Убайдуллохон учун холва. Сиз билан поччамга қаймоқ олдим.
– Раҳмат, умрингиздан барака топинг, сиз бизни йўқлабсиз, сизни Худо йўқласин.
– Убадуллохон қаерда, анчадан буён кўргим келиб юрибди.
– Жиянингиз мадрасада ўқияпти, жуда ўқишга астойдил. Кечалари билан мутоала қилади.
– Барака топсин, у олим бўлади, бўладиган боланинг қилиғидан маълум дейишлари бежиз айтилмаган.
– Илоҳо айтганингиз келсин. Ҳали замон келиб қолади, сизни жуда соғиниб юрган эди. Роса қувонади.
– Ундай бўлса кутаман.
– Худо хоҳласа бу болангиздан кўп нарса кўрасиз.
– Илоҳо айтганингиз бўлсин.
– Нимаси биландир бошқа болалардан ажралиб туради-да.
– Устозлари ҳам шундай дейишмоқда, жуда қобилиятли эмиш.
– Фикрлашлари худди катта одамлардек, гоҳо сўзингизга шеър айтиб жавоб беради. Бу боладан шоир чиқиши аниқ.
– Ўзи ҳам тинмай мутолаа қилади. Яхшиям шу овунчоғимиз бор, йўқса… – у енги билан нурсиз кўзларини артиб, йиғлаб юборди.
– Йиғламанг опажон, йиғламанг. Ҳар иш Худодан, балки барча орзу-ҳавасларингизни шу ўғлингиздан кўрарсиз.
– Айтганингиз келсин, поччангизни ҳам менга ўхшаб ичи тўкилиб адо бўлган.
– Ҳали қувончли кунлар ҳам келади опажон. Худо ўзи меҳрибон.
Поччаси Муҳаммад Солиҳнинг кириб келиши суҳбатни бўлиб юборди.
– Келганингизни одамлардан эшитиб, оёғимни қўлимга олиб келяпманда. Саломат бормисиз? – деди у сўрашиш учун қучоқ очиб.
– Худога минг қатла шукр, ўзингиз бардаммисиз?
– Зап келибсизда.
– Шу денг почча Убайдуллахонни оҳанграбоси борми, тез-тез кўргим келиб қолади.
– Жуда яхшида, биз ҳам сизни соғиниб қоламиз. Жиянингиз катта йигитча бўлиб қолган, ўқишлари ҳам аъло.
– Опамдан эшитиб жуда қувондим, умри узоқ бўлсин.
***
Ҳар бир фуқарода фидоийлик масъулияти бўлиши шарт, акс ҳолда у миллатнинг вакили эмас.
Вужудимизга чуқур қулоқ оссак, унинг қаърида шайтоннинг макони мавжудлигини сеза бошлаймиз. У билан мунозарага киришиш учун доноликни эгаллаш лозимлигини англаб борамиз, биз донолашган сари даставвал қудратли паҳлавоннамо шайтон аста-секин ожизланиб боради, баркамоллик даражасига кўтарила олсак, у мутлақо бизнинг қулимизга айланади, акс ҳолда биз унинг қули бўлиб умримизни ўтказамиз.
Ўрта Осиё хонликлари ўзларининг ички зиддиятларига кўмилиб ётганларига қарамай, ўзаро жанг қилишар, шундоқ ҳам ожизланиб қолган хонликлар чўкаётган тешик кема мисоли эди. Қўқон Бухоро билан, Бухоро Хива билан тинимсиз урушлар қилар эди. Ана шундай нодонликлар етмаганидек, мамлакат ичкарисида ҳар хил миллат ва элатлар бир-бирларининг гўштларини ейишга ташна бўлиб қипчоқ билан ўзбек, ўзбек билан қирғиз бир-бирларини савалашар эди. Барча қилинаётган нодонликлар мисоли буюртмадек, рус армиясининг бостириб келиши учун қулайликлар яратар эди. Ана шундай бир даврда бир неча асрлардан буён тайёргарлик кўрган рус империясининг жангчилари жанговар юришларни аллақачон бошлаб юборган. Европа давлатлари аро жангларда катта тажриба орттирган, замонавий қуроллар билан қуролланган рус аскарлари Тошкентни қамал қилишган, тошкентликлар ўз она шаҳарларини мардларча ҳимоя қилардилар, ёрдам кучи сўраб Қўқон, Бухоро хонликларига мурожаат қилган эдилар, ёрдам эса етиб келган эмас. Бир неча ҳафталик аёвсиз жангдан сўнг рус саркардалари энг қабиҳ, энг шафқатсиз усулни уятсизларча қўллай бошладилар. Қилич ва эскирган пилта милтиқдан бошқа қуроли бўлмаган оддий кишиларнинг жасурликларига қарши энг замонавий қуролларга ва ҳарбий санъатга эга бўлган ҳарбийларнинг қамал қилишдан ташқари шаҳарга оқиб кирадиган сувнинг йўлини тўсиб қўйиши таърифга сиғмайдиган золимлик эди. Тошкент аҳолиси бу қийинчиликка ҳам чидади, захирасидаги сувларни фақат гўдаклар ва беморлар учун сарфлаб ўзлари очлик ва чанқоқлик азобига чидаб, ширин жонларини аямай жанг қилардилар.
***
Маллахон тахтга ўрнашиб олгандан сўнг халққа берган ваъдаларини унутиб бутунлай тескари ишлар қилишга тушди, ўлпонларнинг турларини ўзгартирар, қаълаларни қайтариб олиш учун тинимсиз урушлар қилар, қийналиб кетган мазлум халқнинг ҳаёти янада оғирлашиб борар, натижада яна халқ эътирози, исён келтириб чиқарарди. Бунинг устига у ўта мутаассиб киши бўлиб, хилма-хил жазолар жорий қилган. Шароб ичган кишини таёқ билан савалатиб урдирар, намоз ўқимаган кишининг юзига қора суркаб эшакка тескари ўтиргизиб изза қилдирар, озгина эҳтиётсизлик қилган одамни сўйдириб юборар эди. Фитна уюштирган мухолифат ҳеч қандай қийинчиликсиз хон саройига бостириб киришиб Маллахонни ўша ернинг ўзида сўйиб юборишади.
Ўша даврда ёрқин юлдуз сифатида отилиб чиққан Алимқулалоҳида мавқега эга эди.
Қўқон хонларининг авлодидан бўлган Содиқбек, Хожибек ва Шоҳруҳларни хон тахтига даъвогарлик қилганлари учун мамлакатни бундай нозик даврларда бошқаришга зарарлари тегади деб, уларга тахтни ваъда қилиб Ўш шаҳрига алдаб чақиришади ва Алимқулнинг буйруғига биноан яширинча сўйиб юборишади. 1863 йилда Маллахоннинг ўғли Шоҳмуродни хон деб эълон қилишади. Бир йилгина хонлик лавозимида ўтирган Шоҳмуродхонни ҳам ўлдириб юборишади. Ҳеч қандай қаршиликсиз бўшаб қолган тахтга яна Худоёрхон ўтирди.
***
Алимқул Ватан осмонида пайдо бўлган ёрқин юлдуздек эди, омад ҳам ёпирилиб кела бошлади. У Туркия султонига мурожаат қилиб, ўз аскарларини 60 та замбарак ва милтиқлар билан қуроллантирди. Иқон атрофидаги бир неча жангларда ҳарбий ҳийла ишлатиб русларни бир неча марта енга олди. Унинг ғалабалари русларни чўчитиб юборди, беҳисоб жасур йигитларни очиқ майдонда енга олмасликларини билган ғанимлар ҳийла ишлатиш йўлларини қидира бошладилар. Бу йўлдаги энг қулай ва осон йўл жосуслар ёллаш, миш-мишлар тарқатиш, содда одамларни алдаш йўли билан ўз томонларига оғдириб олиш эди.
26 Аҳиллик бор жойда нафақат душман, ҳатто шайтон ҳам бош тиқа олмайди, дейишади. Аҳиллик йўқолган жой харобазорга айланиб душманга ем бўлиши аниқ. Айни чоғда мамлакатда аҳиллик йўқолиб, бир мақсад йўлида бирлашиш ўрнига тожу тахт талашишлар, ҳар бир воқеадан ўз манфаати йўлида фойдаланиш каби иллатлар ривожланиб борар, бу душман учун айни муддао эди. Бундай ожизликдан усталик билан фойдаланиш натижасида Алимқулнинг кучи қирқила бошлади. Кўпгина одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб душман томонга ўтиб кетарди. Алимқул бу кўргиликни қаттиққўллик билан тўхтатиш чорасини кўра бошлади, оғиб кетганларни ушлаб ўлимга ҳукм қилар, баъзиларини замбаракнинг оғзига боғлаб отишар, қилич билан чопиб ташлашар, бу чоралар эса акс таъсир кўрсатар, аламзадалар сафи ортиб душман томонга ўтиб кетишарди.
***
Ёш бўлишига қарамай Убайдулла оиланинг иқтисодий носозлигини ҳис қилар, шунинг учун мутоаладан бўшаган вақтларини отасига қарашиш билан ўтказар эди. Ўқиш ва амалий ишни бирга олиб бориш ўзининг натижаларини бера бошлади. У аста-секин анчагина пухта шеърлар ёза бошлади, отасининг ҳунари маҳсидўзликни ҳам ўзлаштириб олди. Кучдан қола бошлаган отаси учун бу қувонарли воқеа бўлиб, айниқса ота-боланинг ёнма-ён ўтириб меҳнат қилишлари, жуда ёқимли суҳбатлари эса ундан ҳам қизиқарли ўтар эди. Отасининг илми йўқлиги учун ўғлига кўпроқ савол берар, шоирларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида қизиқар, худди шогирднинг устозига қилгандек муносабатда бўларди. Убайдулланинг жавоблари аниқ ва ишончли эканлиги билан ҳайратланарли эди.
– Ўғлим, ҳазрати Навоийнинг “Ҳамса” асарини ўқиб чиқдингизми?
– Бу асар жуда улкан, ҳозирчалик уни ўқиб тугатмаганман, лекин анча-мунча танишман.
– Илм йўли машаққатли бўлади, сиз жуда кўп мутолаа қилмоғингиз лозим.
– Мен ҳам шу фикрдаман дада, ҳали жуда кўп меҳнат қилишимга тўғри келади.
– Баракалла, фикрларингиз анчагина етилиб қолибди. Яна бир гапим шуки, устозларингиз қатори атрофингиздаги ўртоқларингизга ҳам эътиборли бўлинг. Уларнинг ичидан ҳали олиму фозиллар етишиб чиқади. Кишиларга меҳр кўрсатиш билан бирга ҳалол яшишни мақсад қилиб олинг.
– Айтганларингизни албатта бажараман дадажон.
– Ундай бўлса сиздан кўнглим тўқ. Ўқишни давом эттириш ҳақидаги таклифимни ўйлаб кўрдингизми?
– Ўйлашга ўйладим-у, лекин озгина…
– Нима озгина, – деди ота хавотир олиб. – Ўқигингиз йўқми?
– Ўқишни жуда-жуда хоҳлайману, лекин менсиз ёлғизланиб қоласиз деб қўрқаман, қолаверса меҳнат қилиб рўзғор ишларига қарашиб туришим лозим.
– Ундай деманг, мени авайлайман деб ўқишни чала қилсангиз хафа бўламан. Шунча йил эплаб келган рўзғор ишларини буёғига ҳам бажара оламан.
Аввалига эскича маҳалла мактабини битиргандан сўнг Убайдуллони Жоме мадрасасига ўқишга беришди. Хушрўй, хушчақчақ, соғлом бўлиб етила бошлаган Убайдулло илмга жуда чанқоқ, зеҳни ўткир, ўта тиришқоқ эди. Олган сабоқларини жуда тез ўзлаштириш билан бирга, шеърий китоблар ва достонларни севиб ўқир, айниқса Алишер Навоий, Фузулий, Машраб каби шоирларнинг ғазалларини ёдлаб олар, ўзи ҳам шеър машқ қилар, тинимсиз қилинган мутоала унинг табиий ўткир зеҳни билан қовушиб, ойма-ой, кунма-кун улғайишини тезлаштирар, ёқимли хулқи, табиатан тўғрисўзлиги эса маҳалла-кўй, атрофидаги одамларнинг меҳрини қозонишига сабаб бўларди.
27***
Худоёрхон яна омадсизликка учради. 1863 йилда Алимқул Маллахоннинг ўғли Султон Саидхонни Қўқон хони деб эълон қилди. Султон Саидхон ҳам фитналарга дош беролмай 1865 йилда Бухорога қочди. Ўзи нима гаплигини ҳам яхши тушунолмай тахтга ўтирган Худойқулихонга хонлик курсиси атиги тўрт кун насиб қилди. Номаълум кишилар уни ҳам сарой ичида сўйиб кетдилар. Ҳеч қандай қаршиликсиз бўшаб қолган тахтга яна Худоёрхон ўтирди.
***
Муҳаммад Солиҳнинг юраги зирқираб оғрир, кўзида ёш бўлмаса ҳам дили куюниб йиғлар, таърифлаб бўлмайдиган оғриқ ичини тирнар эди. Бир эмас, бирин-кетин икки боласидан айрилди. Фарзанд доғи оғир бўлар экан, ҳеч кимнинг бошига тушмасин бундай кўргилик. Бунча ҳам бу умрнинг қувончидан кўра қайғуси кўп экан, қайғудан ҳоли яшаган одам бормикин бу оламда. У ўғли Убайдуллонинг кириб келишидан сесканиб, худди уйқудан уйғонган одамдек ўзига келди. «Шукур қилиш керак» пичирлади секингина ичида, ахир олдида яна бир ўғли бор-ку, Парвардигор ўзи берган нарсасини хоҳлаган чоғида қайтиб олаверади, сабаби ҳам ўзига маълум. Ана бу олдидагисининг умри узоқ бўлсин, Оллоҳ уни ўзи асрасин.
– Дада ҳайитлик берасизми? – деди Убайдулло тим қора ёқимтой кўзларини отасига қадаб.
– Албатта болажоним, айлантиргани ҳам олиб чиқаман.
– Раҳмат дада, қаерларга борамиз?
– Кўчаларни айланамиз, бозор кезамиз, сизга хоҳлаган нарсангизни олиб бераман.
– Обаки қанд ҳам олиб берасизми?
– Албатта, – деди Муҳаммад Солиҳ кўкрагига туф-туф деб.
Бу анчагина бўй чўзиб қолган ўғлидан тасалли топгани эди. Янги оҳорли беқасам тўн, «қошиқ»дек этикча кийиб олган ўғил билан ота ҳайит кунини нишонлаб кўчаларни томоша қилгани чиқиб кетишди. Бугун шаҳарнинг ҳамма бурчаги гавжум бўлади. Барча кишилар танишларини муборакбод қилишар, қучоқлашиб «айёмлари муборак» деб табриклашар, баъзи амакилар Убайдуллога ҳайитлик бериб, «катта йигит бўлинг» деб қўйишар эди. Ота-бола анча муддат шаҳар кезишди. Ота ўғлини «гўшт куйди», «кабоб» ва гармашўрак (нўхат) билан меҳмон қилди. Ўйин-кулгу ҳаммаёқни қамраб олган, чойхоналар гавжум, кимдир ош пиширишга уннаса, бошқалари аскияни тинглаб шарақлаб кулишар, бироз фурсат ўтиб ҳофизлар дилрабо қўшиқ ижро қилишар эди. Бугун ҳамманинг ўзи севган машғулоти учун шароит очиқ, кимдир ошиқ тепиб яйраса, бошқалар бўялган тухумларни уриштириб завқланишади, аллаким дор ўйинини кўриб қарсак чалса, яна кимдир «шиминг чайнаманг» чайнаб завқ олади. Чўнтакни тўлдириб пул ишлаб олишни билган «корчалонлар» бор маҳоратларини ишга солиб ҳаракат қилишар, «Келиб қолинг, олмаганлар армонда» деб бор овозлари билан бақиришар эди. Ота-бола баъзи бир нарсаларни харид қилиш учун бозор томонга бурилдилар, улар расталар ичидан юриб ўтишиб чапга бурилишди. Энг аввал бир даста ширмой нон билан ширинликлар, ёймачилардан тўрт мисқол «қорасақич» ва аёллар учун сурма олиб мева бозори тоомнга бурилишди. Оқкўлнинг таърифи қовунларидан бир жуфт харид қилишиб бозорни тарк этишди.